Легионерларимизда нима гап?
Футболчиларимиз сўнгги йилларда дунёнинг турли топ клублари сафида майдонга тушмоқда. Шу сабабли ҳам ўзбекистонлик футбол мухлислари ҳамюртларимиз иштирок этаётган турли чемпионатларни катта қизиқиш билан кузатмоқда.
Ҳозирда юртимиз футбол ихлосмандлари учун энг катта қизиқиш Элдор Шомуродовда экани сир эмас. Элдор ҳозирда “кучли бешлик” чемпионатларида фаолият юритаётган футболчи. У бу йил ҳам фаолиятини “А” Серияда давом эттиришидан хабарингиз бор. Шомуродов “А” Сериянинг биринчи турида “Кальяри” жамоаси сафида “Торино” жамоасига қарши майдонга тушади.
Элдор Шомуродовнинг спорт формаси аъло даражада, у бугунги ўйинга тайёр. Аммо у “Торино”га қарши ўйинга тушиши ёки тушмаслиги ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Нима бўлган тақдирда ҳам клуб бош мураббийи Клаудио Раньери легионеримизга катта ишонч билдирган. Элдор майдонга тушган учрашувларни голсиз тарк этмаслигига умид билдирамиз.
“Кучли бешлик” чемпионатларида иштирок этаётган яна бир умидли футболчимиз Абдуқодир Ҳусановдир. У гарчи ёш бўлишига қарамасдан Франция 1-лигасида “Ланс” жамоасига қабул қилинди. Бироқ, жамоа ёш футболчимизни иккинчи турда ҳам майдонга туширмади ва “Ренн”га қарши учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Абдуқодир ўз имкониятларини кутишда давом этади.
Россия чемпионати 5-туридан ўрин олган “Факел” ва “Нижний Новгород” жамоалари ўртасидаги ўйин якунланди. Мазкур тўқнашувда майдон эгалари 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйинда ҳамюртимиз Иброҳимхалил Йўлдошев 83-дақиқада захирадан ўйинга қўшилган бўлса, Русланбек Жиянов қайдномага киритилмади.
Қозоғистон Премьер-лигасининг 20-туридан ўрин олган “Ордабаси” — “Қайрат” учрашувида ўзбекистонлик футболчилар Бобир Абдухолиқов ва Шаҳбоз Умаров асосий таркибда майдонга тушди. Ўйинда “Ордабаси” мураббийи Б.Абдухолиқовни 46-дақиқада, Ш.Умаровни 83-дақиқада захирага олди. Баҳсда мезбонлар рақибини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Туркия Суперлигасида “Истанбул Башакшехир” сафида тўп сураётган Отабек Шукуров “Фотиҳ Карагумрук”га қарши ўтган учрашувнинг 62-дақиқасида майдонга туширилди. Ўйинда “Фотиҳ Карагумрук” жамоаси 0:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
“Кучли бешлик” чемпиноатларида тур баҳслари
“Манчестер Юнайтед” Лондондаги омадсизлигини давом эттиришдан чарчамаяпти. Бу гал улар “Тоттенхэм”га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Манкунианликлар Лондондаги сўнгги 10 ўйинида фақатгина бир марта ғалаба қозонди, шунингдек, 6 мағлубият ва 3 дуранг қайд этди. Ундан ташқари, Лондондаги сўнгги 12 ўйинда “МЮ” энг камида 1 тадан гол ўтказиб юбормоқда. Қизиқ, бу омадсизлик қачонгача давом этар экан.
АПЛнинг 2-турида “Ливерпуль” футболчиси Муҳаммад Салаҳ “Борнмут” дарвозасига аниқ зарба йўллади. Мазкур гол Салаҳ учун “Ливерпуль” тарихида янги саҳифа очишга сабаб бўлди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, мисрлик футболчи жамоа таркибида АПЛнинг сўнгги 10 ўйинида гол ёки ассист қайд этган илк футболчига айланди.
Шунингдек, у бундай натижани 2015 йил Жейми Вардидан кейин илк марта такрорлаган футболчи сифатида эътироф этилди.
Ушбу турда “Вест Хэм” ўз майдонида “Челси” клубини жазолади. Мезбонлар ушбу ўйинда рақибларини 3:1 ҳисобида енгди. Мазкур натижадан сўнг “Вест Хэм” турнир жадвалида 6-ўринга чиқиб олди. “Челси” эса 15-поғонага тушиб кетди.
“Рома” ҳужумчиси Андреа Белотти “А” Сериясининг биринчи туридан ўрин олган “Салернитана”га қарши баҳсда дублга эришди. Бу ҳолатнинг эътиборга молик жиҳати шундаки, бу гол римликлар ҳужумчиси учун чемпионат доирасида ўтказган 32 ўйинидаги биринчиси бўлди.
У 2022/23 йилги мавсум олдидан пойтахт жамоасига “Торино”дан ўтган, бироқ бу вақт ичида у атиги иккита голли узатма амалга оширган эди. Дарвоқе “Рома” ва “Салернитана” учрашувида 2:2 ҳисоби қайд этилди.
Ниҳоят ПСЖ ва Килиан Мбаппе ўртасидаги келишмовчиликлар барҳам топганга ўхшайди. Сабаби 24 ёшли ҳужумчи иккинчи турда пенальтидан “Тулуза” дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг бир очко олишига кўмаклашди. Килиан бу воқеадан сўнг, парижликларга қараб “Жамоада қоламан!”, дея ваъда берди. Афсуски, бу хабар “Реал Мадрид” мухлислари учун қувончли бўлмаслиги аниқ.
Испания чемпионатининг иккинчи туридан ўрин олган “Барселона” ва “Кадис” ўртасидаги учрашувда тарихий воқеа содир бўлди. Каталонияликлар бош мураббийи Хави бошланғич таркибда Ламин Ямални ўйинга туширди. Ямал XXI асрда Испания Ла-лигасида бошланғич таркибда майдонга тушган энг ёш ўйинчи сифатида тарихга кирди. Маълумот учун, “Барселона” ушбу ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Саудия Арабистонида шов-шувлар тинмаяпти
Бу йилги ёз мавсумида энг қайноқ хабарлар Саудия Арабистони клубларидан келмоқда. Ушбу мамлакат жамоалари ким ўзарга ўйнаб, кўплаб юлдузларни Европадан Осиёга кўчиришда давом этмоқда.
“Манчестер Сити” ҳимоячиси Эмерик Ляпорт фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши кутилмоқда. Уни “Ан-Наср” ўз таркибига қўшиб олишга яқин турибди.
Ушбу трансфер амалга ошса, испаниялик футболчи риёдликлар билан 3 йиллик шартнома имзолайди ва “шаҳарликлар” 30 миллион евро фойда кўради. Ляпорт эса йилига 20 миллион евро маош олади.
“Ал-Ҳилол” мухлислари Неймарнинг ўйинини яна бир муддат кўра олишмайди. Бу ҳақда “Ал-Ҳилол” бош мураббийи Жорже Жезус хабар берди. Унга кўра, Неймар жароҳат билан келган. Унинг мушакларида муаммо бор. У қачон майдонга ва машғулотларга қайтиши, ўйинга тайёр бўлиши ҳозирча сўроқ остида турибди.
Роналду ва Месси ҳақида икки оғиз…
Сўнгги йилларда икки буюк футболчи – Роналду ва Месси кутилмаган натижалар қайд этаётгани сир эмас. Номдор жамоаларни тарк этган икки футболчининг кейинги фаолияти ҳам доимо футбол ихлосмандлари учун қизиқ.
“Интер Майами” сафига кўчиб ўтган Лионель Месси у ерда ҳам тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиб келмоқда. У АҚШ ва Мексика жамоалари иштирокидаги Лигалар кубогида еттита ўйинда майдонга тушиб, ҳар бир учрашувда рақиб дарвозасини ишғол этмоқда. Мусобақа финалида “Нэшвилл” жамоаси Мессидан гол ўтказган дунёнинг 105-жамоаси сифатида қайд этилди. Лео умумий ҳисобда 120 та жамоага қарши ўйнаган ва улардан атиги 15 тасининг дарвозасига йўл топа олмаган ўйинчи сифатида тарихда қолмоқда. Унинг фаолияти давом этаётир, бу эса юқоридаги натижалар янада кўпайишидан далолат беради.
Ўз фаолиятини Осиёда давом эттираётган Роналдунинг сўнгги кунлардаги натижалари қониқарли эмас. Саудия Арабистони чемпионати иккинчи туридан ўрин олган “Ан-Наср” – “Ат-Таъавун” ўйинида меҳмонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоасига ҳеч қандай ёрдам бера олмаган Роналду 3,9 балл тўплаб учрашувнинг энг ёмон футболчисига айланди.
Футбол оламидаги қайноқ янгиликларни uza.uz сайтида кутазиб боринг.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири