Очиқ мулоқотда Президентимиз юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш мақсадида янги ташаббусни илгари сурди.

Халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, полимер, кимё ва озиқ-овқат саноати бўйича 140 та тайёр лойиҳа ишлаб чиқилди.

Очиқ мулоқотда иштирок этаётган тадбиркорларга “140 та илғор саноат корхонаси” лойиҳалари тақдимот қилинди.

Ушбу лойиҳаларнинг жами қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлиб, уларда 60 мингта иш ўринларини яратиш, йилига 5 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 2,5 миллиард долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган.

Мазкур 140 та лойиҳа электрон платформага қўйилиб, тадбиркорларга очиқ-ошкора шартлар асосида таклиф қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорларни ушбу дастурда иштирок этишга чақирди. Улар қизиқиш билдирса, ҳозирдаёқ шартнома тузилиши мумкинлигини, жойи ҳам, маблағи ҳам, инфратузилмаси ҳам ҳозирнинг ўзида ҳал қилиниши таъкидланди.

Дастурга кирган корхоналарга Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 10 йил муддатга паст фоизли кредитлар ажратилади.

ЎзА