Очиқ мулоқотда ўрта корхоналар фаолиятини кенгайтириши учун уларга янги инвестор ва брендларни жалб қилишга кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди. Шу боис, агар корхона хорижий бренд ва инвестор билан келишувга эришса, унга янги ташкил қилинган Саноат жамғармаси 25 фоизигача капиталига сармоя билан кириши мумкин бўлади.

Тадбиркорлик жамғармаси иқтисодиётнинг яна бир драйвери бўлган хизматлар соҳасига масъул бўлади. Жамғармага салоҳиятли ўрта бизнес корхоналарига улушдор бўлиб кириш ваколати берилади. Бунинг учун жорий йилда жамғармага қўшимча 25 миллион доллар, келгуси йилда яна 100 миллион доллар ажратилади.

Шу билан бирга жамғарма томонидан ўрта бизнес учун хорижий валютадаги кредитларга ҳам кафиллик берилади.

Жамғарма туризм, савдо ва сервис соҳаларида “хизматлар ипотекаси” тизимини жорий қилади. Энди меҳмонхона, ресторан, савдо комплекси, автотураргоҳ, ёқилғи шохобчаси, кемпинг каби объектларнинг тайёр лойиҳалари тадбиркорларга таклиф этилади.

Шунингдек, жамғарма тадбиркорларга хизмат кўрсатиш объекти учун ер сотиб олиш, бино-иншоотлар қуриш ва айланма маблағи учун ҳам ресурс ажратади.

Бу иккита янги тизим 1 октябрдан тўлақонли ишга туширилади ва келгуси бир йилда ўрта бизнесда саноат соҳасида 2 мингта ва хизматларда 10 мингта янги лойиҳалар молиялаштирилади.

Ушбу янги имкониятлар ҳисобидан қўшимча 1 миллиард долларлик хизматлар кўрсатиш, 5 миллиард долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 350 минг янги иш ўринларини ташкил қилиш мумкин бўлади.

ЎзА