Тошкентнинг “Ҳумо” жамоаси айни кунларда Беларусда ўтказилаётган Евроосиё дўстлик кубоги мусобақаларида иштирок этмоқда.
Айтиш лозим, Беларусь, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон клублари иштирокидаги янги халқаро турнир икки босқичда ўтказилади.
Биринчи босқич саралаш турнири жорий йилнинг 16-19 август кунлари Беларуснинг Гродно шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланган бўлиб, баҳсларда Беларуснинг “Неман”, Россиянинг “Сокол”, Қозоғистоннинг “Номад” ва Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган “Ҳумо” жамоаси қатнашмоқда.
Илк босқичда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалар 2023 йилнинг 23 ва 24 декабрь кунлари Беларуснинг Жлобин шаҳрида ўтадиган “Кучли тўртлик” финалида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Турнирнинг биринчи босқичидаги иккита омадли жамоа декабрь ойида ўтадиган иккинчи босқичда Россия ва Беларусь давлатларининг “Металлург-Жлобин” ва “Химик” (Воскресенск) жамоалари билан ғолиб ва совриндорларни аниқлайди.
Кеча турнирнинг иккинчи туридан ўрин олган мусобақада “Ҳумо” жамоаси хоккейчилари Қозоғистоннинг “Номад” клуби билан куч синашди.
Биринчи турда Беларуснинг “Неман” жамоасига 3:1 ҳисобида имкониятни бой берган ҳамюртларимиз Қозоғистон чемпионатининг амалдаги ғолиби билан кечган ўйинда 2:1 ҳисобида ғалабага эришди.
Мусобақанинг 1-турида “Сокол”-“Номад” жамоалари тўқнашувида Россия жамоаси 5:2 ҳисобида муваффақиятга эришганди.
Ҳозирда ортда қолган 1-тур ўйинлари сарҳисобига кўра, Қозоғистон жамоасидан ташқари барча жамоаларда биттадан ғалаба устунлиги мавжуд.
Эртага, 19 август куни Тошкент жамоаси Россия шарафини ҳимоя қилаётган «Сокол» жамоасига қарши майдонга тушади. Айнан ушбу учрашув ҳамюртларимизнинг кейинги босқичга чиқиш масаласига ойдинлик киритади.
Т.Рўзиев, ЎзА