Қўшма Штатлар, Корея Республикаси ва Япония бўлажак уч томонлама саммитдан сўнг ядро қуролини тарқатмасликка қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракат фаоллаштирилишини эълон қилишмоқчи. Бу ҳақда кун чиқар юртнинг “Asahi” газетаси хабар берди.

Қайд этилишича, тегишли позиция уч томонлама учрашув якуни бўйича қўшма ҳужжатда акс этади. Ҳамкорлар халқаро тартибни сақлаш муҳимлигини ҳам таъкидлашади. “Кэмп-Дэвид тамойили”, дея номланган баёнотда томонлар олий даражада, шунингдек, ташқи сиёсат ва мудофаа вазирликлари раҳбарлари иштирокида мулоқотни давом эттириши режаси белгиланади. Ҳужжатда Россия – Украина зиддияти масаласига ҳам мурожаат қилинган.

Оқ уй маълумот беришича, Жо Байден, Япония Бош вазири Фумио Кисида ва Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль 18 август куни Америка етакчисининг Вашингтон яқинидаги, Кэмп-Дэвиддаги қароргоҳида йиғилади.

Уч давлат раҳбарларининг сўнгги бор 21 май куни Хиросимада, “катта еттилик” саммити доирасида юзма-юз учрашган.

ЎзА