Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган нуфузли турнирда ўзбекистонлик шахматчилар совринли ўринлардан жой эгаллади.

Абу-Дабида 40 та мамлакат шахматчилари иштирок этган «29th Abu Dhabi International Chess Festival» тадбири доирасида ташкил этилган блиц-турнирда ҳамюртларимиз Шамсиддин Воҳидов ва Жавоҳир Синдоров номи совриндорлар қаторида эътироф этилди.

217 нафар иштирокчи ўртасида Blitz гуруҳида гроссмейстер Шамсиддин Воҳидов 11 турда 10 очко жамғарган ҳолда биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Жавоҳир Синдоров 9 очкога эга бўлди ҳамда мусобақада 3-ўриндан жой олди

Мазкур турнирнинг “Blitz Under 16” гуруҳида қатнашган яна бир умидли шахматчимиз Исломбек Синдоров 255 нафар иштирокчи орасидаги баҳслар натижасига кўра, 11 турда 10 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Ушбу натижа Исломбекка мусобақани 2-ўрин билан якунлаш имконини берди.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА