Футбол хабарлари

Осиё чемпионлар лигаси саралаш босқичидан ўрин олган ОКМК – «Ас-Сиб» баҳси 1:0 ҳисобида якунланди. Учрашувнинг 47-дақиқасида Хуршид Ғиёсов бурчак зарбасидан қайтган тўпни дарвозага аниқ йўллаб ҳисобни очди. Шу тариқа жамоаси ғалабасини таъминлади. Иккинчи бўлимнинг 74-дақиқасида ОКМК футболчиси Мартин Боакьега ҳакам томонидан қизил карточка кўрсатилди.

Шу тариқа, Миржалол Қосимов шогирдлари кейинги босқичга йўл олди ва Қатарнинг «Ал Араби» клуби билан баҳслашадиган бўлди.

Плей-офф босқичи доирасидаги «Шабаб Ал-Аҳли» – «Ал-Веҳдат» учрашувида 3:0 ҳисоби қайд этилди. Ўйинда ҳамюртимиз Азиз Ғаниевнинг стандарт вазиятдан йўллаган зарбаси орқали ҳисоб очилган бўлса, легионеримизнинг узатмасидан сўнг Ренан орадаги фарқни янада оширди. 86-дақиқада Даббур 3-голга муаллифлик қилди.

А.Ғаниев жамоаси Роналду бошчилигидаги «Ан-Наср»га қарши ўйин ўтказади. Ушбу баҳс ғолиби гуруҳ босқичида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади.

Хабарингиз бор, куни кеча ПСЖ клуби аъзоси бразилиялик Неймар фаолиятини Саудия Арабистони чемпионатида давом эттириши ҳақида хабар тарқалди. У «Ал-Ҳилол» билан 2025 йилга қадар мўлжалланган шартномага имзо чекди. Ушбу келишув клуб учун 100 миллион еврога тушди.

Шунингдек, «Ал-Ҳилол» Неймар учун йилига 160 миллион евро маош тўлайдиган бўлди.

Бу ҳаммаси эмас, риёдликлар ПСЖ дарвозабони Кейлор Навас ва ярим ҳимоячи Марко Вераттига ҳам кўз тикмоқда. Ушбу ўйинчиларнинг трансфери ҳақида аниқ маълумотлар берилмаган.

Суперлигада икки гранд тўқнаш келди  

Ўзбекистон Суперлигаси 11-турда қолдирилган «Насаф» – «Пахтакор» баҳси куни кеча ўтказилди. Тенг курашлар остида ўтган учрашувда ҳисоб очилмади ва ҳар икки жамоа 1 очкони қўлга киритди. Эслатиб ўтамиз, «Пахтакор» ушбу учрашувдан сўнг 35 очко тўплаган ҳолда карвонбошилик қилаётган бўлса, «Насаф» 29 очко билан 4-ўринда жойини мустаҳкамлади.

Бугун Европанинг энг кучли клуби аниқланади  

Бугун Грециядаги “Караискакис” стадионида Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ғолиблари ўртасида УЕФА Суперкубоги учун баҳс бўлиб ўтади. Унда “Манчестер Сити” ва “Севилья” ўзаро рақобатлашади.

Ўйин Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, “Севилья” ўз тарихида жами 6 марта УЕФА Суперкубогида иштирок этган ва 2006 йилда ушбу совринни қўлга киритган. “Манчестер Сити” учун эса ушбу баҳс УЕФА Суперкубоги доирасидаги илк ўйин ҳисобланади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири