“Анадолу” хабарига кўра, душанба куни Aмерика Қўшма Штатлари Украинага жами 200 миллион доллар қийматда навбатдаги ҳарбий ёрдам кўрсатилишини эълон қилди. Бу ҳақда Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилган.
Мамлакат захирасидаги қуролларни кейинчалик Украинага топшириш учун олиб қўйиш имконини берувчи Президент бошқаруви механизми асосида тақдим этиладиган айни кўмак рўйхатида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ўқ-дори, артиллерия снаряди, танкка қарши қурол ва минадан тозалаш воситаларидан бор.
Кейинчалик Пентагон аниқлик киритишича, бу гал Украинага “Patriot” ва “HIMARS” тизими учун қўшимча ўқ-дори, 155 ва 105 миллиметрли артиллерия снаряди, 120 ммли танк ўқ-дориси, “TOW” ракетаси, танкка қарши “Javelin” тизими ва жиҳоз ташишга мўлжалланган 37 та тактик машина юборилади.
Шунингдек, жамланмада 58 та сув тиркамаси, 12 миллиондан ортиқ ўқ-дори, минадан тозалаш ускунаси ва тизими, тўсиқни тозалаш снаряди ва жиҳозлар учун эҳтиёт қисмлар ҳам мавжуд.
Блинкен таъкидлашича, Қўшма Штатлар Россия Украинадан қўшинларини олиб чиқмагунча Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади.
ЎзA