Ўтмишда яшаган кўплаб аллома аждодларимизнинг тасвирий қиёфаси ёки сурати бизгача етиб келмаган. Ана шундай шароитда фан тарихчилари, исломшунослар ва тасвирий санъат вакилларининг ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этади.

Сўнгги ўрта асрларда яратилиб, бизгача етиб келган миниатюралар, турли тарихий асарлардаги тегишли шахсларнинг чеҳраси, юз тузилиши, бўй-басти, алоҳида белгилари ҳақидаги тавсифлар мазкур бўшлиқни маълум даражада тўлдиради. Тадқиқотчи-олимлар томонидан аниқлаштирилиб, рассомларга ҳавола этилган бундай маълумотлар кўргазмалар учун катта илмий-тарихий аҳамиятга эга ва тасвирий санъат асарларининг манба асосини ташкил этади.

Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, намунавий сиймолари тасвирланган олимларнинг деярли барчаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси биноси фойеси учун яратилаётган улкан ҳажмли маҳобатли рангтасвир асарлари ва Марказ таркибида шакллантирилаётган музей экспонатларида ўз аксини топади.

Бу уларнинг имкон қадар ҳақиқатга яқин ва энг баланд бадиий талаблар даражасида бўлишини тақозо этади. Бинобарин, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон бадиий академияси ҳам илмий, ҳам кенг жамоатчиликнинг тасвирий асарлар бўйича фикрини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш асосида уларни янада такомиллаштиришни режалаштирган.

Бугун Ўзбекистон Бадиий академиясининг Тошкент фотосуратлар уйида “Буюк мутафаккирларимиз сиймолари” мавзусида кўргазма ташкил этилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан ташкил этилган ушбу кўргазмада буюк алломаларимизнинг мўйқалам усталари томонидан чизилган янги портретлари намойиш этилди.

Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Ал Хоразмий, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Наср Форобий, Абу Лайс Самарқандий, Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Абдураҳмон Жомий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Баҳоуддин Нақшбандий, Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Амирий, Огаҳий, Нодирабегим каби сиймоларимиз портретлари шулар жумласидандир.

Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июлдаги «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ташкил этилган бўлиб, йўл харитада Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд каби диний уламолар, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Маҳмуд Замахшарий, Али Қушчи ва бошқа буюк олимларнинг намунавий сиймосини (иконографиясини) яратиш вазифаси белгиланган эди.

Ўтган даврда мазкур вазифа ижроси бўйича соҳа олимлари ва таниқли рассомлар ҳамкорлигида диққатга сазовор ишлар амалга оширилди. Уларнинг амалий натижаси бугунга қадар яратилган қирқдан зиёд портретларда ўз ифодасини топди.

“Буюк мутафаккирларимиз сиймолари” мавзусида ташкил этилган мазкур кўргазмада тасвирий санъат усталари мўйқалами билан чизилган қирқдан ортиқ диний алломалар ҳамда аниқ ва табиий фанларни ривожлантиришга беназир ҳисса қўшган олимларнинг портретлари кўргазмаси очилди.

– Халқимизга илк марта тақдим этилаётган рангтасвир асарларининг тарихий ҳақиқатга нечоғлик яқинлиги, уларнинг бадиий жиҳатлари чин маънода барчани қизиқтирди. Шу боис айрим баҳсли ўринлари ҳақида фойдали фикр-мулоҳазалар билдирилди. Таклиф ва тавсиялардан келиб чиқиб, келгусида алломаларимиз сиймоси акс этган шу каби янада мукаммал портретлар яратилишидан умид қиламиз, – дея фикр билдирди “Oʼzbekiston tarixi” телеканали директори, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шуҳрат Ҳайитов.

Кўргазмада мутахассис олимлар томонидан рассомларга тарихий шахслар сиймосини яратишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида қўшимча тавсиялар берилди.

Абдулазиз Рустамов, ЎзА