Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Бўзатов тумани инспекторлари томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида ёввойи қуён ва булдуруқларни овлаган браконьерлар ушланди.

Жумладан, Тахтакўпир тумани “Жанадарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудида “Нива” русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда фуқаролар Ё.М., Х.Т. ҳамда Р.М.лар томонидан ҳужжатсиз ов милтиқ билан ноқонуний равишда 1 та ёввойи қуён, 4 та булдуруқ овлангани аниқланди. Браконьерлардан олинган ҳужжатсиз ов милтиғи Тахтакўпир тумани Ички ишлар бўлимига топширилди. Мазкур ҳолат юзасидан судга юбориш учун ҳужжатлар тўпланмоқда.

***

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туман бўлинмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлими билан ҳамкорликда “Жайҳун” ва “Марказобод” маҳалла фуқаролар йиғинларида маънавий тадбир ўтказилди.

Китоб инсоннинг яқин дўсти, маслакдоши ва билим манбаидир. Шу сабаб халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас ҳисоблайди. Тадбир иштирокчилари китобнинг инсон маънавиятининг юксалишидаги роли ҳақида сўз юритди. Бугунги кунда 9 та маҳаллада “Кутубхона бурчаги” ташкил қилиш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тўрткўл тумани бўлинмаси томонидан 1 миллион 500 минг сўмлик 32 дона бадиий китоб топширилди.

***

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ва Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан фонд ходимлари учун “Тадбиркорлик – иқтисодимиз таянчи” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Нукус шаҳар бўлими мутахассислари иштирок этиб, “Маҳалла” фонди ходимларига тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ходимларнинг билим, кўникма, малакаларини ошириш юзасидан батафсил тушунчалар бериб ўтди. Ўқув-семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири