Бу ҳақида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган халқаро конференцияда айтиб ўтилди.

Жорий йилнинг 9-11 август кунлари Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида Жанубий Корея меҳнат вазирлиги ҳамда Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати (HRD Korea) томонидан Ишга рухсат бериш тизимини (EPS) жорий этиш бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Корея Республикаси меҳнат вазири Ли Чон Cик, инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати президенти Ким Ён Джун, Пусан шаҳри мэри Пак Хон Джун ва Е-9 визаси билан фуқароларини Жанубий Кореяга ишга жўнатувчи 16 давлатнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Учрашув давомида HRD Korea томонидан ташкил этилган Ишга рухсат бериш тизимининг (EPS) ютуқлари ва муаммолари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Жумладан, Жанубий Кореяда EPS-Топик тизими бундан 19 йил олдин ташкил қилинганлиги, бугунги кунда Ўзбекистон, Қирғизистон, Филиппин, Непал, Бангладеш, Покистон, Индонезия, Камбожия, Лаос, Вьетнам, Хитой, Мўғулистон, Тайвань, Шарқий Тимор, Мьянма ва Шри-Ланка фуқароларини мамлакатнинг турли соҳаларига ишга жалб қилган ҳолда ўз фаолиятини муваффақиятли юритиб келаётганлиги қайд этилди.

Жанубий Корея статистика бошқармасининг маълумотларига кўра, мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг камайиши, яъни ишчи кучининг қариши ва туғилиш сонининг кескин пасайиши малакали кадрлар етишмовчилигига олиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида, хорижлик малакали кадрларга бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Шу боис ҳам саноатнинг турли соҳаларида ишчи кучи етишмовчилигининг олдини олиш чораси сифатида ҳукумат томонидан қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Конференцияда малака талаб қилмайдиган Е-9 ишчи визаси асосида EPS-Топик тизими ташкил қилингандан бугунги кунга қадар юқорида номи келтирилган 16 давлатдан жами 860 минг нафар ишчи кучи Жанубий Кореяда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориб, саноатнинг турли соҳаларида фаолият юритганлиги ва тажриба ўрганиб ўз юртида кўплаб муваффақиятли лойиҳаларни бошлаганлиги ҳам қайд этилди.

Шундан 260 минг нафардан ортиқ Е-9 визасидаги хорижлик ишчилар бугунги кунда Жанубий Кореяда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Жорий йил Е-9 визасидаги ишчи кучига бўлган талаб

110 минг нафарни ташкил қилган бўлса, кейинги йиллар учун квота ҳажмининг янада ошиши кутилаётганлиги, қолаверса, Е-9 виза турида ишлашнинг янги йўналишларини очиш режаси борлиги маълум қилинди.

Тадбир давомида Корея Республикасида меҳнат фаолиятини олиб бораётган чет эллик ишчилар орасида иш вақтида бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш бўйича хабардорликни ошириш юзасидан «HRDS», Жанубий Корея меҳнатни муҳофаза қилиш ташкилоти ва 16 давлат вакиллари орасида ўзаро келишувга эришилди.

ЎзА