ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида хорижда ишлаш истагида бўлган аҳолига янада қулай ва сифатли хизматлар тақдим этиш мақсадида, “Фуқароларга кўп функцияли миграция хизматлари кўрсатиш” маркази биноси очилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари, фаоллар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда меҳнат миграциясини тартибга солиш, миграция географиясини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари учун мавжуд имконият ва имтиёзлар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимизнинг бандлигини таъминлаш, уларни чет тиллари ва турли касбларга ўқитиш, манзилли ва хавфсиз ишларга жалб қилиш муҳим вазифага айланган. Бу борада Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаол ҳисса қўшмоқда. Жумладан, агентликнинг Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Туркия давлатларида ваколатхоналари ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларида филиаллари ташкил этилган.

Шу куннинг ўзида хорижда ишлаш истагидаги қорақалпоғистонлик фуқаролар билан агентлик раҳбариятининг сайёр қабули ва хорижий иш берувчиларнинг меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА