Мавжуд тартибга кўра, мамлакатимизда 14 та йўналиш бўйича сиртқи таълим учун қабул бўлмайди.

Бошқа йўналишлар учун 5 йиллик педагогик стаж талаб қилинади. Бунда педагогика соҳасидаги таълим йўналишларида сиртқи таълим шакли бўйича ўқиш истагида бўлган шахсларнинг таълим тизимида камида беш йиллик педагогик иш стажига эга экани “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги маълумотлар асосида белгиланади.

Хўш, Ўзбекистонда сиртқи таълим шаклидан воз кечилиши мумкинми?

Мазкур савол юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент бошлиғи Абдували Холиқов қуйидагиларни маълум қилди.

– Танқидларга кўра, атиги икки ой мобайнида давом этадиган дарсларда талабалар керакли билимларга эга бўла олмаслиги қайд этилади, –дейди Абдували Холиқов. – Бу каби эътирозлар қайсидир маънода ўринли. Аслида сиртқи таълим қайсидир соҳада фаолият юритаётган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун жорий этилиши керак. Лекин   мамлакатимиздаги таълим муассасаларида таълимнинг бу йўналишидан  барча бирдек фойдаланиши мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида  2023/2024 ўқув йили қабулидан бошлаб педагогик кадрлар тайёрловчи ОТМларнинг мазкур қарорда 1-иловада кўрсатилган таълим йўналишлари бўйича сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмаслиги белгилаб қўйилган.

Қарорга кўра, педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари «4+2» тартибида, шу жумладан дарсларнинг 4 куни ОТМда, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилиши таъминланиши лозим.

Бугунги кунда сиртқи таълимда бир ўқув йилида икки марта дарс ўтилади. Бошқа соҳаларда ҳам сиртқи таълим шакли учун меҳнат стажи талаб этилиши режалаштирилган. Келгусида сиртқи таълимда маълум соҳада 3 йилдан  5 йилгача вақт мобайнида фаолият олиб борганлар, умуман бирор йўналишда ишлаб турганлар ўқиши мумкин.

Шунингдек, айрим таълим муассасаларида масофавий таълим йўналиши ҳам жорий этилган. Масофавий таълимда  сиртқидек, белгиланган қисқа муддатларда эмас, талабаларга  доимий равишда керакли вазифалар юклатилади. Сиртқи таълим шакли босқичма-босқич масофий таълимга ўтказилади. Бугун 14 та таълим муассасасида масофавий таълим учун қабул жараёнлари амалга оширилмоқда. Масофавий таълим шаклини амалиётда  кенг татбиқ этиш учун биз техник томондан тайёр бўлишимиз керак. Айтайлик, узоқ ҳудудда яшовчи талабада техник имкониятлар етарли бўлмаса, бу ҳам ўқиш жараёнига салбий таъсир ўтказмасдан қолмайди. Интернетнинг мавжудлиги, тезлиги бу борада жуда муҳим.

Сиртқи таълим шакли узоқ йиллар давомида тўхтатиб қўйилган эди. Беш йилча илгари яна мазкур таълим йўналиши қайта тикланди. Сиртқи таълим шаклини ривожлантириш бирмунча вақт талаб этадиган жараёндир. Бугунги кунда таълимнинг бу шакли эскирган тизимга киради. Сиртқи таълим шаклидан воз кечилиши керак.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА