Тошкентда футбол бўйича 15 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида ташкил этиладиган Мираброр Усмонов халқаро хотира турнирида Ўзбекистон, Черногория, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари жамоалари ўзаро куч синашади.

Мусобақалар 11-15 август кунлари бўлиб ўтади, дейилади Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабарида.

Хотира турнирининг тантанали очилиш маросими ва илк учрашув 11 август куни пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади.

Мазкур ўйинда мамлакатимизнинг ўсмирлар терма жамоаси аъзолари Бирлашган Араб Амирликлари жамоаси билан куч синашади.

Юртимиз футболининг эртанги юлдузларини кашф қилиб берадиган ушбу хотира турнирининг иккинчи учрашувида ҳамюртларимиз 13 август куни Саудия Арабистони билан рўбарў келади.

Мусобақанинг сўнгги кунида Ўзбекистон-Черногория терма жамоалари ўйини ташкил этилади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА