Шу кунларда Беларусь Республикасининг 11 та шаҳрида II МДҲ ўйинлари бўлиб ўтмоқда.

Ўйинларнинг ортда қолган бешинчи кунигача МДҲ ўйинларининг 96 та медаллар жамланмаси ўз эгаларига топширилди. Натижаларга кўра, 59 та олтин, 43 та кумуш, 23 та бронза медалини қўлга киритган Россия жамоаси умум жамоада етакчилик қилмоқда. 2-ўринда бораётган Беларусь Республикаси вакилларида 24 та олтин, 24 та кумуш, 46 та бронза медаллари мавжуд.

22 та иштирокчи давлат орасида 3-ўриндан жой олган Ўзбекистон терма жамоаси 8 та олтин, 13 та кумуш, 17 та бронза медалини қўлга киритди. МДҲ ўйинларининг 8 август кунги мусобақаларида ўзбекистонлик спортчилар 5 та медалга мушарраф бўлди.

Спорт жамоамиз оғир атлетика, енгил атлетика, камондан отиш спорт турларида 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритди. Оғир атлетикачимиз Турсуной Жабборова олтин, енгил атлетикачимиз Азизбек Худойбердиев ва оғир атлетика спорт турида Ригина Адашбоева кумуш, оғир атлетикачимиз Сунатилла Ўсаров ҳамда С. Жўрақулова, Ж. Нурмонова, Д. Фатихова, О. Эргашевадан иборат камончиларимиз жамоавий дастурда бронза медаллари соҳибига айланди.

Бугун, 9 август куни мамлакатимиз спортчилари оғир атлетика, бокс, эркин кураш, волейбол, мини-футбол, гандбол, замонавий беш кураш, камондан отиш, милтиқдан отиш, муай-тай йўналишидаги мусобақаларда иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, II МДҲ ўйинлари 14 августга қадар давом этади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА