Миллий анъана ва қадриятларга асосланган замонавий спорт турларининг яратилиши халқаро майдонда ватанимиз номининг улуғланишига хизмат қилмоқда.
Биргина курашнинг замонавий спорт тури сифатида халқаро майдонга чиқиши халқимиз ғурурини юксалтирган бўлса, ўзбек жанг санъатининг оммалашиши мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спорт ҳаракатида ўзига хос воқелик бўлди.
Ўзбек жанг санъатининг спорт терминологиясини ишлаб чиқиш, қонун-қоидаларининг ҳаётга татбиқ этилишида яккакураш спорт турлари билимдони Пўлат Усмоновнинг алоҳида хизматлари бор.
Миллий олимпия қўмитасида мамлакат Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Пўлат Усмоновнинг 60 ёшлик юбилейи муносабати билан ўтказилган тадбирда шу ҳақда сўз борди.
Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, қўмита раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, бир гуруҳ спорт фидойилари П.Усмоновнинг юртимиз спорти ривожига қўшиб келаётган ҳиссасини юқори баҳолади.
Меҳнат ҳеч қачон бесамар кетмайди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Пўлат Усмонов Миллий олимпия қўмитасининг эсдалик ордени билан тақдирланди. Ёшлар орасида миллий спорт турлари ва соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш йўлидаги меҳнатларига зафарлар ёр бўлишини тилашди.
Т.Рўзиев, ЎзА