Айни кунларда Беларусь Республикасининг 11 та шаҳрида ўтказилаётган II- МДҲ ўйинлари жараёнида Озарбайжон ёшлар ва спорт вазири ўринбосари Мариана Василева III-МДҲ ўйинлари Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида ўтказилишини эълон қилди.
Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.
Унда келтирилишича, МДҲ давлатларининг учинчи ўйинлари Ганжа шаҳрида бўлиб ўтади. Бу шаҳар Озарбайжоннинг Бокудан кейинги иккинчи йирик аҳоли маскани ҳисобланади. Шаҳарда МДҲ ўйинларини ўтказиш учун янги замонавий мажмуа бунёд этилмоқда.
Озарбайжон спорт мутасаддисининг сўзларига кўра, мусобақаларни ҳудудларда ўтказиш формати муҳокама қилинади. Ўйинлар тизимидан олимпия спорт турлари қатори анъанавий ноолимпия спорт турлари ҳам жой олади.
Эслатиб ўтамиз, III-МДҲ ўйинлари 2025 йили ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА