Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоаси Беларусда бўлиб ўтаётган II МДҲ спорт ўйинларига йўл олган жамоаларимиз орасида етакчилардан бири эканлигига шубҳа йўқ. Зеро, мазкур спорт анжумани бошлангандан буён тош кўтарувчи полвонларимиз делегациямиз ҳисобига ҳар куни узлуксиз равишда совринли ўринларни тақдим этиб келмоқда.
Кеча ҳам ушбу ёқимли анъана бузилмади. 81 кг вазн тофиасида қайд этилган спортчимиз Нурсултон Есбергенов медаллар учун муросасиз кураш олиб борган 9 нафар атлет орасида муносиб натижа кўрсатди. Даст кўтаришда 150, силтаб кўтаришда 178 кг оғирликдаги штангани ўзига бўйсиндирган вакилимиз россиялик икки кучли рақибидан кейин 3-ўринни эгаллади. Иккикурашда шоҳсупага кўтарилган уч спортчи – Вячеслав Яркин 333, Рамзан Жанхотов 331, Нурсултон Есбергенов 328 кг натижа кўрсатгани ғолиблик учун кураш нақадар кескин давом этганидан далолат.
Шу тариқа оғир атлетикачиларимиз умумжамоа жамғармамизга яна бир бронзани қўшиб қўйишди. Шу гуруҳда қатнашган яна бир вакилимиз Оғабек Тўхтаев 5-ўрин билан кифояланди.
Ғайрат Хонназаров, ЎзА
Минск, Беларусь