Ҳиндистонда оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида поёнига етган Осиё чемпионатида мамлакатимиз спортчилари муҳим ютуққа эришди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари муросасиз баҳслар якунига кўра, 9 та олтин, 14 та кумуш, 13 та бронза медалига эга чиққан ҳолда умумжамоада 1-ўринни эгаллаган бўлса, ўсмирлар терма жамоаси вакиллари 14 та олтин, 7 та кумуш, 16 та бронза медали эвазига ўз тенгқўрлари орасида Осиёнинг энг кучли иккинчи жамоаси номига мушарраф бўлди.
Умумий ҳисобда 73 та медаллар жамғармасини қўлга киритиб, Деҳли спорт майдонида Ватан шуҳратини улуғлаган Ўзбекистон делегацияси бугун эрта тонгда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Кутиб олиш маросимида иштирок этган Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари ёш полвонларимизнинг ушбу ютуғи Акбар Жўраев, Руслан Нуриддинов сингари Олимпия чемпионларининг муносиб издошлари етишиб келаётганининг ёрқин далили эканини таъкидлади.
Маросимда эришилган муваффақият ортида ҳудудларда фаолият кўрсатаётган мураббий-мутахассисларнинг муносиб хизматлари бўлгани, иқтидорли спортчиларни саралаш, танлаш ишлари самарали кечаётгани айтилиб, айнан ушбу ёшлар яна икки йилдан сўнг Тошкентда ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё ўйинларида медаллар учун кураш олиб бориши эътироф этилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА