Минскда бўлиб ўтаётган II МДҲ спорт ўйинларида Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси дастлабки кунданоқ кутилмаган даражада юқори натижалар қайд этди. Айниқса, қизларимизнинг иштироки нафақат мухлислар, балки мутахассисларни ҳам ҳайратга солди.

Аввалига -40 кг вазнда Умида Қўлдошева фақат финал учрашувини бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлди. Шундан кейин айни муваффақиятдан илҳомланган, 44 кг  вазн тоифасида қайд этилган иккала курашчимиз ҳам барча рақибларини мағлуб этишди ва тоза ўзбекча финал жуфтлигини ҳосил қилишди. Икки дугонанинг ажойиб баҳсидан сўнг шоҳсупанинг энг баландига Лазиза Ҳайдарова, иккинчи поғонасига эсаМахфира Рўзибоева кўтарилди. Шу тариқа Гомель шаҳрида Ватанимиз мадҳияси янграб, биратўла икки байроғимиз ёнма-ён кўтарилди.

Навбатдаги, вазни 48 кггача бўлган дзюдочи қизлар орасида ҳам Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси тенгсиз эканлиги намоён бўлди. Сабина Азаматованинг саъй-ҳаракати билан олтин медаллар борасида дзюдо оғир атлетикага етиб олди. Фақатгина кейинги – 52 кг вазн тоифасида татамига чиққан вакиламиз Райҳона Маматовабиринчи куни бронза билан кифояланди.

Совринли ўринлар учун курашда йигитларимиз ҳам қолишмади. 60 кгда Алижон Алиев бронза, 66 кг вазн тоифасида Иноят Телманов кумуш медалларни жамоамиз ҳисобига ёзиб қўйишди.

Ғайрат Хонназаров, ЎзА

Минск, Беларусь