Бугун Беларусь пойтахтидаги замонавий “Минск-Арена” мажмуасида II МДҲ спорт ўйинлари тантанали суратда очилади.

Дастлабки мусобақалар эса аллақачон бошланган: Бадиий гимнастика саройида ушбу спорт тури бўйича саралаш баҳслари бўлиб ўтмоқда. Бугуннинг ўзида 4 спорт турида ғолиб ва совриндорлар аниқланмоқда. Гимнастикадан ташқари Гроднода бўлиб ўтаётган оғир атлетика, Солигорск қабул қилган юнон-рум кураши ва Гомель вилоятида ташкил қилинган дзюдо мусобақаларида муайян вазн тоифалари вакиллари учун ўйинлар якунланади.

Мутахассислар таъкидлашича, соҳил футболи, бадиий гимнастика, оғир атлетика, самбо ва чим устида хоккей баҳслари жуда қизиқарли кечиши кутиляпти. Зеро, айнан шу спорт турлари бўйича барча делегациялар Беларусга кучли таркиб билан келишган. Қолган турларда эса ёш спортчилар нуфузли халқаро мусобақа орқали ўз маҳоратларини ошириб, терма жамоадаги ўринларини мустаҳкамлаб олиш имконига эга бўлишади.

Табиийки, Беларусь ўз уйида энг кўп атлет билан иштирок этмоқда – 673 спортчи. Бу борада 2-кўрсаткич Россияга тегишли – 602. Аҳамиятлиси, вакилларимиз МДҲ ўйинларида спортчилар сони бўйича 3-ўринда. Умид қиламизки, Ўзбекистон делегацияси медал жамғариш бўйича ҳам фақат юқори ўринлар учун кураш олиб боради.

Бу галги ўйинларнинг ўзига хослиги – баҳслар мамлакатнинг турли шаҳарларида бўлиб ўтади. Яна бир муҳим жиҳат–мазкур спорт анжумани очиқ тарзда ўтяпти. Яъни, Беларусга МДҲга тўлақонли аъзо давлатлардан ташқари Венесуэла, Покистон, Эрон, БАА, Куба, Миср, Мўғулистон, Малайзия, Вьетнам, Ливан, Ўмондан ҳам ўғил-қизлар етиб келишган.

Анжуманни мезбон журналистлардан 1000 нафари ёритиб боряпти. Бундан ташқари воқеаларни 10 дан зиёд давлатдан ҳамкасбларимиз, жумладан Ўзбекистоннинг 3 та давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситасининг 6 нафар вакили бевосита кузатиб боради. Беларусь давлат жисмоний тарбия университети ҳудудида жойлашган Марказий ҳамда мусобақа ўтаётган жойлардаги алоҳида матбуот марказларида, қисқа қилиб айтганда, илҳом билан ишлаш учун барча шарт-шароит муҳайё.

Ўйинларнинг расмий сайти –belarus2023games.by. орқали спорт турлари бўйича баҳсларни интернет-трансляция шаклида жонли томоша қилиш имкони яратилган.

Ғайрат Хонназаров,

ЎзА

Минск, Беларусь