Игорь Савицкий таваллудининг 108 йиллигига бағишланади

Игорь Витальевич Савицкий- рассом, реставратор, этнограф, санъатшунос,  Нукус санъат музейининг асосчиси ва биринчи раҳбари.

И.В.Савицкий 1915 йил 4 августда Киевда таваллуд топган. У Марказий Осиёга илк маротаба 1942 йилда, институт томонидан Самарқандга эвакуация қилинганида келган.

Ўзбекистон  Бадиий академияси  матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, Игорь Савицкий 50-йилларида Москва маарказидаги  уйини қолдириб, Нукусга кўчиб ўтади ва  ноёб картиналар коллекциясини  тўплайди.

У Қорақалпоғистон бўйлаб сафарлари, экспедициялар жараёнида  халқ амалий  санъати  намуналарини ўрганади ва  тўплайди.

Савицкийнинг бутун ҳаёти 1966 йилда ўзи ташкил қилган  санъат музейи билан боғлиқ. У умрининг охиригача  музейи учун  янги шоҳ  асарларни қидириш билан шуғулланган.

Савицкий бир неча йил ичида  музейга  рус ва Туркистон авангард тасвирий санъатининг энг тўлиқ  коллекцияларидан бирини йиғишга муваффақ бўлади. Ушбу тўплам Қорақалпоғистоннинг безакли-амалий санъатида энг муҳим ва қадимий Хоразм  археологик экспонатлари орасида ноёб коллекциялардан бири саналади.

Музейдан биринчилар қаторида А. Исупов, Л. Крамаренко, Н. Ульянов, Р. Фальк, М. Волошин, Р. Мазел, А. Волков, М. Курзин, Н. Карахан, У. Тансиқбоев, В. Уфимцев ва бошқа рассомларнинг асарлари жой олган.

Савицкий музейга  нафақат маҳаллий аҳоли, балки  бутун дунёдаги санъат ихлосмандлари ташриф буюришларини орзу қилган ва унинг бу орзуси  рўёбга чиқди.

Қайд этиш жоизки, Савицкий номидаги давлат санъат музейи мамлакатимиздаги энг катта музейлардан бири саналади. Ундаги коллекциялар  рус авангард асарлари коллекциялари орасида  аҳамияти ва ҳажми бўйича дунёда иккинчи ва  Осиё минтақасидаги  энг яхши бадиий  коллекция сифатида эътироф этилади.

Н.Усмонова тайёрлади,  ЎзА