Чэнду Универсиадасида таэквондо WT бўйича ўтаётган мусобақанинг сўнгги кунида жамоавий баҳслар ўтказилди. Унда Ўзбекистон эркаклар ҳамда аёллар терма жамоалари ҳам иштирок этди.

Аёллар терма жамоамиз беллашувларнинг дастлабки даврасида АҚШ термасини, чорак финалда Хитой Тайпейини, ярим финалда эса Жанубий Корея жамоасини янгиб финалга йўл олди. Олтин медаль учун ўтган беллашувда қизларимиз Хитой терма жамоаси билан рақобатлашди. Афсуски, ушбу беллашувда таэквондочиларимизга бироз омад етишмади ва кумуш медаль билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, эркаклар терма жамоамиз илк босқичда Жанубий Корея термаси вакилларига имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА