Жорий йилнинг 4-6 август кунлари Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида дзюдо бўйича “Мастерс” турнири бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа нуфузи жиҳатидан жаҳон чемпионатидан кейинги ўринда туради. Беллашувларда терма жамоамизнинг 20 нафар аъзоси совринли ўринлар ва «Париж – 2024» Олимпиадаси йўлидаги қимматли рейтинг очколари учун курашади.

Мусобақада ғолиб чиққан спортчига 1800 очко, иккинчи ўрин учун 1260 ва учинчи ўрин учун 900 очко тақдим этилади. Қолаверса, «Мастерс» турнирида қатнашган ҳар бир спортчига 200 очко берилади. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ушбу мусобақага жиддий тайёргарлик кўрди.

Шу муносабат билан ЎзА мухбири дзюдочиларимизнинг мазкур турнирга қадар олиб борган машғулотлари, олдинда турган режалар ва эришилаётган ютуқлар борасида Ўзбекистон терма жамоаси менежери Элдор Қаҳҳоров билан суҳбатлашди.

– Будапешт шаҳрида ўтадиган “Мастерс” турнирига қандай тайёргарлик кўрилди?

– Мазкур мусобақа олдидан пойтахтимизда тайёргарлик кўрдик. Машғулотлар икки ва уч маҳал турли йўналишда ўтди. Асосан ҳар бир спортчимиз жисмоний ҳолатни бир маромда ушлаб турувчи юклама ва жанг вақтида ишлатиладиган техник-тактик усулларни машқ қилди. “Мастерс” туркумига кирувчи мусобақалар доимо шиддатли курашларга бой ўтган. Шу сабабли ҳар бир йирик мусобақалар олдидан федерациямиз томонидан ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилади.

– Айтингчи, Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан сизларга қандай шароитлар яратилмоқда?

– Федерациямиз томонидан сўнгги йилларда спортчи ва мураббийларга улкан имкониятлар яратилмоқда. Шунингдек, терма жамоага муносиб ёшларни саралаш ишлари йил давомида тизимли тарзда ташкиллаштирилмоқда. Терма жамоага аъзо ҳар бир дзюдочилар учун спорт инвентарлари, кийим ва анжомлар, керакли витаминлар ўз вақтида етказилмоқда. Спортчи ва мураббийларнинг саломатликлари ҳамда уларни допинг муаммоларидан асраш борасида самарали ишлар керакли мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда.

– Ўтган давр мобайнида дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси қайси давлатларда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказди ва Осиё ўйинларига тайёргарлик қандай ўтмоқда?

– Терма жамоамиз учун йил бошида турли ўқув-машғулот йиғинлари ўтказиш белгиланган ва ушбу режа асосида амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар спортчиларимиз Япония, Голландия ва Грузия каби давлатларда йиғин ўтказди. Шуни таъкидлаш жоизки, ҳар бир халқаро турнир олдидан юртимизда ҳам йиғинлар бўлиб ўтади ва халқаро турнирга бир неча кун аввал етиб бориб, сўнгги машғулотлар ўша ерда якунланади. Мазкур ўқув-машғулот йиғинларидан кўзланган асосий мақсад Осиё ўйинларида муносиб иштирок этиш. Ушбу мусобақадан олдин ҳам сўнгги тайёргарлик йиғини ўтказилади. Осиё ўйинларига тайёргарлик ҳар қачонгидан ҳам юқори тарзда ўтмоқда.

– Олдинда турган режалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Аввало эртага бошланадиган “Мастерс” мусобақасида муносиб иштирок этиб, муҳим рейтинг очколарини қўлга киритиш асосий мақсад. Йил  охирига қадар йирик турнирлар ва Осиё ўйинларида рейтинг очколари тўплаб, Париж Олимпия ўйинлари учун максимал тарзда лицензия қўлга киритишни режа қилганмиз. Умид қиламизки, спортчиларимиз олдинга қўйилган барча вазифаларни ортиғи билан бажариб, «Париж – 2024» Олимпиадасида янги тарих ёзадилар.

Бугунги кунда спортнинг Олимпия турлари бўйича қўлга киритилаётган ютуқларда дзюдочиларимизнинг ҳам ўрни беқиёс. Улар эришаётган улкан ғалабалар Ўзбекистон шарафини янада улуғламоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА