Туркиянинг Истанбул шаҳрида спорт курашлари бўйича 17 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатининг юнон-рум кураши баҳслари якунига етди.

Дунёнинг 50 дан зиёд давлатидан маҳоратли ёш курашчилар қатнашган мазкур басҳларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 та кумуш, 2 та бронза медалини қўлга киритишди.

48 килограмм вазнда иштирок этган ҳамюртимиз Шаҳзод Рўзиохунов саралаш беллашувларида муваффақиятли қатнашди. Бирча рақибларини мағлуб этди. Аммо финал баҳсида эронлик Фарзад Ахмадига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан кифояланди.

Юнон-рум кураши бўйича терма жамоамиз аъзоларидан Айтжон Халмахонов 55 килограммда 3-ўрин учун кечган курашда эронлик Муҳаммадризо Голамрезани 11:3 ҳисобида енгган бўлса, 65 килограммда кураш олиб борган Исломбек Каримжонов ҳам рақибини мағлуб этиб, бронза медалига сазовор бўлди.

Айни пайтда жаҳон чемпионатининг аёллар курашидаги мусобақалари давом этмоқда. Баҳсларда юртимиз курашчи қизлари 10 та вазннинг 7 тасидаги совринли ўринлар учун беллашувларда қатнашмоқда. Ортда қолган мусобақалар сарҳисобига кўра, терма жамоамиз аъзоларидан Асалой Амангелдиева ва Нилуфар Нурмуҳаммадова ўз вазнларида бронза медали учун курашиш имкониятига эга бўлди.

Терма жамоамиз аъзоларидан Соҳибжамол Эсонбоева, Виктория Ивайлова, Дурдона Саидова, Муҳайё Раҳимжонова ва Нигина Ражабовалар 1/8 финал босқичида курашни давом эттиришмоқда. Аёллар кураши бўйича жаҳон чемпионатининг барча ғолиб ва совриндорлари эртага аниқланади. Шунингдек, эртага жаҳон чемпионатида эркин курашчилар мусобақаларга киришади. Жаҳон чемпионати 6 августга қадар давом этади.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА