Шу кунларда Англиянинг Манчестер шаҳрида пара сузиш бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионати баҳслари қизғин паллага кирмоқда.
«Париж-2024» Паралимпия ўйинларига йўлланмалар тақдим этадиган мазкур мусобақанинг эркаклар ўртасида S13 классида 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида стартга чиққан ҳамюртимиз Ислом Асланов 52.77 сония вақт билан маррага иккинчи бўлиб етиб келди.
Ўз маҳоратини намойиш этиб, Манчестерда Ўзбекистон байроғини юксалтирган спортчимиз жаҳон чемпионатининг кумуш медалига эга бўлиш билан бирга, «Париж-2024» ёзги Паралимпия ўйинлари йўлланмасини ҳам қўлга киритди.
Бугун, 3 август куни жаҳон чемпионати дастурига биноан эркаклар ўртасида S13 классида 100 метрга чалқанча усулда сузиш баҳслари бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Кирилл Паньков ва Музаффар Турсунхўжаев совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 июлида бошланган мусобақалар 6 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА