Бугун Хитойда давом этаётган ёзги Универсиада ўйинларининг еттинчи кунги мусобақаларида мамлакатимиз спортчилари таэквондо, енгил атлетика, қиличбозлик, теннис, гимнастика баҳсларида ўз омадларини синаб кўришади.
Қиличбозларимиздан Мирзо Улуғбек Мўминов, Муҳаммадюсуф Сидиқов, Зафар Сидиқов, Камолиддин Ахтамов, Комила Мирзаева, Умида Илёсовалар юртимиз шарафини ҳимоя қилса, енгил атлетикачимиз Ҳушноза Шавкатова уч ҳатлаб сакраш мусобақаларида қатнашади.
Гимнастикачимиз Гулноз Жумабекова яккалик саралаш беллашувларида кураш олиб борса, теннисчиларимиз Файзулло Мирзағаниев ва Алия Мусабекова аралаш жуфтлик баҳсида япониялик Фуживара Тамоя ва Лиза Мари Риоух билан, Сергей Фомин/Максим Шин тандеми чорак финалда Чехия терма жамоаси вакиллари Жан Жермар/ Виктор Скленка билан ярим финал йўлланмаси учун курашади.
Чэнду Универсиадасининг таэквондо WТ дастури бўйича сўнгги яккалик баҳсларида Ўзбекистон терма жамоасининг тўрт нафар вакили — Беҳрузбек Исаев, Мавлонбек Тўхтасинбоев, Ситора Эргашева ҳамда Светлана Осиповалар ғолиблик учун даянга чиқади.
Эрталабки баҳслар сарҳисобига кўра, Беҳрузбек Исаев таиландлик Напат Сритимонгколга имкониятни бой берган бўлса, Ситора Эргашева дастлаб бразилиялик Дафине Феррейрани мағлуб этди. Аммо кейинги босқичда эронлик спортчига имкониятни бой бериб қўйди.
Жаҳон чемпиони Светлана Осипова Жанубий кореялик рақиби Ёнжи Жангни томошабинлар сафига кузатиб қўйган бўлса, Мавлонбек Тўхтасинбоев нимчорак финал доирасида даянга кўтарилади.
Эслатиб ўтамиз, юртимиз талаба-спортчилари ёзги Универсиада ўйинларида ҳозирча 10 та медалга эга бўлган ҳолда умумжамоада 119 та давлат орасида кучли йигирматаликда бормоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА