Ўзбекистон спорт делегацияси ушбу ўйинларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун Минскка йўл олди.

Олимпия ва қитъавий ўйинлар ҳамиша мамлакатларда спорт турлари ривожининг ҳолатини аниқлаш мезони бўлиб келган. МДҲ давлатлари спорт ўйинлари ҳам кейинги пайтда “кичик олимпиада” мақомида ёш спортчиларнинг юксак довонларга чиқиш олдидан “имтиҳон майдони” вазифасини ўтамоқда.

Маълумки, бундан икки йил муқаддам Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган I МДҲ ўйинлари ёш спортчиларни Олимпиада ўйинларига тайёрлаш кўникмасини шакллантиришда муҳим омил бўлишини ифода этди. Қозонда кечган ўйинларда мамлакатимизнинг ёш спортчилари 91 та медаль билан умумжамоа ҳисобида Россиядан кейин, 2-ўринни эгаллади. Спортчиларимиз 23 та олтин, 32 та кумуш ва 36 та бронза медалига эга чиқди.

Хўш, жорий йил 4-14 август кунлари Беларусь Республикасининг 11 та шаҳрида ташкил этиладиган II МДҲ ўйинларида умумий ҳолат қай кўринишда бўлади? Ушбу ўйинларда қанча давлатнинг неча нафар спортчилари мусобақалашади?   

Беларусь Республикаси II МДҲ ўйинлари ташкилий қўмитаси маълумотига кўра, ўйинларда қатнашиш учун 18 та давлат дастлабки талабномаларни тақдим этган. Иштирокчи спортчилар сони 6 минг нафардан зиёд бўлиши кутилмоқда. МДҲ ўйинлари низомида ҳар бир иштирокчи давлатдан 22 та спорт туридан умумий ҳисобда 419 нафар спортчи иштирок этиши мумкинлиги қайд этилган.

II МДҲ ўйинлари дастуридаги бир қатор спорт турлари ўрни бошқалари билан алмаштирилганини, самбо, оғир атлетика, соҳил футболи, бадиий гимнастика мусобақалари катталар ўртасида ўтказилишини назарда тутсак, эришилажак натижалар нафақат Ўзбекистон спортчилари, балки бошқалар учун ҳам ўзгача кўринишда бўлишини англатмоқда.

Бундан ташқари, Беларусь баҳсларида бадминтон, стол тенниси, спорт рақси, кураш, белбоғли кураш, стентдан ўқ отиш каби спорт турлари ўрнини бошқа спорт турлари эгаллагани ҳам натижаларнинг ўзгача бўлишидан далолат бераётгандек.

Ўзбекистон спортчиларининг II МДҲ ўйинларидаги натижалари қандай бўлади? Бу борада ҳозирдан аниқ рақамларни келтириш мушкул. Сабаби, бу галги ўйинлар олдинги МДҲ мусобақаларидагидек бир хил ёш тоифаларида эмас, турли ёшдаги спортчилар ўртасида кечади.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харита”сига мувофиқ, Ўзбекистон спорт делегацияси II МДҲ ўйинларида 21 та спорт турида медаллар учун кураш олиб боради. Шундан 16 таси олимпия, 5 таси ноолимпия спорт турлари.

Ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, мамлакатимизнинг 313 нафарга яқин спортчиси юртимиз шарафини ҳимоя қилиши белгиланган. Куни кеча юртимизнинг бир гуруҳ спорт жамоалари МДҲ ўйинларида қатнашиш учун Минскка йўл олди.

Бугун Минск шаҳрида юртимиз боксчилари, енгил атлетикачилар, гимнастикачилар, гандболчилар, дзюдочилардан иборат делегация аъзолари ташкилий қўмита вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.

Шу ўринда айтиш лозим, МДҲ ўйинлари олдидан бир қатор спорт турлари бўйича мусобақаларга қуръа ташлаш маросимлари ўтказилмоқда. Жумладан, соҳил футболи баҳсларига ташланган қуръа натижаларига кўра,  Ўзбекистон терма жамоаси “Б” гуруҳида Уммон, Россия, Миср терма жамоалари билан жой олган бўлса, “А” гуруҳида Беларусь, Озарбайжон, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари жамоалари баҳслашади.

Юртимиз футболчилари илк ўйинни 5 август куни Уммон жамоаси билан ўтказса, 6 августда Россия ва 7 августда Миср терма жамоаларига қарши тўп суради.

Мазкур МДҲ ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегациясининг иккинчи таркиби эртага, 3 август куни Беларусга йўл олади. Эслатиб ўтамиз, II МДҲ ўйинларининг тантанали очилиш маросими 5 август куни бўлиб ўтади. Ўйинлар 14 августгача давом этади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА