Пойтахтимизда Муз устида халқаро хоккей федерацияси (IIHF), Осиё Олимпия кенгаши (ООК) ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда “Осиёлик ёш хоккейчилар учун ўқув-машғулот йиғини” дастурига старт берилди. Мазкур йиғинни кузатиб бориш учун IIHF вице-президенти Айваз Омарканов ҳам Тошкентга етиб келган. Мартабали меҳмон Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов билан хоккейнинг мамлакатимиздаги ривожини янги босқичга олиб чиқиш каби истиқболли мавзуларни муҳокама қилди.
Учрашувда Ўзбекистон хоккей федерацияси ижрочи директори Элбек Маҳмудов, Осиё Олимпия кенгаши расмийлари Тони Тарраф ҳамда Виссам Тркмани ҳам иштирок этди. Вазир даставвал мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи ва Олимпия ҳаракати, хусусан, қишки спорт турларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил гапирар экан, сўнгги йилларда пойтахтимизда қад ростлаган “Humo Arena” ва “Алпомиш” муз саройлари, вилоятларда яратилаётган инфратузилма ҳақида тўхталиб ўтди. Ўз навбатида, Ойбек Қосимов хоккей бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги ғалабаси, “Ҳумо” хоккей клубининг халқаро майдондаги иштироки ҳақида маълумот берди.
Айваз Омарканов юртимиздаги бундай ўзгаришлар, хоккейга бўлган муносабатдан мамнун эканини билдирди. Қолаверса, бугун бошланган халқаро ўқув-машғулот йиғинининг юқори савияда ташкил этилгани, келгусида яна кўплаб халқаро тадбирлар мезбонлигини Ўзбекистонга топшириш учун ишонч пайдо бўлганини қўшимча қилди. Суҳбат давомида томонлар мамлакатимизда қишки спорт турлари ва Олимпия ҳаракатини янада ривожлантиришнинг янги босқичларига оид қатор режаларни муҳокама қилди.
Жорий йилнинг 1-7 август кунлари пойтахтимизда “Осиёлик ёш хоккейчилар учун ўқув-машғулот йиғини” дастури бўлиб ўтади. Муз устида халқаро хоккей федерацияси (IIHF), Осиё Олимпия кенгаши (ООК) ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур лойиҳада 30 мамлакатдан 100 нафардан зиёд ёш хоккейчи иштирок этади.
Куннинг иккинчи ярмида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари меҳмонлар билан бирга кўп тармоқли “Humo Arena” муз саройига ташриф буюришди. Бу ерда “Осиёлик ёш хоккейчилар учун ўқув-машғулот йиғини” дастурининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА