“Россия – Африка” саммитидаги асосий масала ҳақида…

ЎзА хабар берганидек, ўтган ҳафта муҳим сиёсий воқелик – “Россия – Африка” саммити доирасида 27-28 июль кунлари Санкт-Петербургда икки минтақа давлатлари етакчилари иштирокида учрашувлар, қўшма йиғилишлар ҳамда турли соҳаларга бағишланган форумлар бўлиб ўтди.

Асосий саммит пайти Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ғарб давлатлари ҳар қандай халқаро можарода фақат ўз манфаатидан келиб чиқиб ҳаракат қилаётганига қарамай, Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини излашга тайёр эканини билдирди.

Қайд этилишича, Россия БМТ Низомини бузмайди, аксинча тўлиқ ушбу ҳужжатга мос ҳаракат қилади. Давлат раҳбари мулоқот чоғида 2014 йил Украина ҳукумати давлат тўнтаришига рози бўлмаган фуқароларга қарши самолёт, оғир техника, танк ёрдамида жанговар ҳаракат бошлаганига шамаъ қилди.

– Ҳудудлар мустақиллигини тан олишга мажбур бўлдик, саккиз йил давомида тинч йўл билан келишувга эришишга ҳаракат қилдик, – деди В.Путин. – Янги ташкил этилган давлатлар билан ҳамкорлик, ўзаро ёрдам тўғрисида шартнома имзоладик. Буларнинг бари БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ, уларнинг ёрдам чақирувига жавоб бўлди.

РФ етакчиси мазкур ҳужжат тамойилига бошқа давлатлар ҳам ҳурмат кўрсатиши кераклигини, икки томонлама стандарт, бир томонлама санкция, ўз хавфсизлигини бошқалар ҳисобига таъминлашга уриниш бўлмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Путин Африка мамлакатлари раҳбарларига мурожаат қилар экан, уларнинг ёндашуви, ғоялари Хитой томонидан февралда Украина атрофидаги вазиятни тартибга солиш бўйича тақдим этилган тинчлик режаси қоидаларига мос келишини маълум қилди.

– Биз африкалик дўстларимиз фикр, мулоҳазаларини синчковлик билан таҳлил қилдик, бунга жуда жиддий эътибор билан қараймиз, – деди Россия раҳбари. – Зиддиятни адолатли, барқарор ҳал этиш учун имкон қадар кўмак кўрсатишга чин дилдан интилаётганингизни кўриб турибмиз. Шу боис, сизнинг мувозанатли ёндашувингизни юксак қадрлаймиз.

У, шунингдек, Украина расмийлари Россия билан музокарани тақиқловчи махсус меъёрий-ҳуқуқий база чиқарганини ҳам келтириб, ҳеч қачон келишувдан бош тортмаганини ва мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини қайд этди.

Б.Худойбердиев, ЎзА