Хитойнинг Чэнду шаҳрида давом этаётган XXXI ёзги Бутунжаҳон Универсиада ўйинларининг иккинчи кунги мусобақаларини мамлакатимиз спортчилари муваффақиятли бошлади.

Ушу бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Дарья Латишева нандао йўналишидаги саралаш баҳсларида рақибларини доғда қолдирди.

Ярим финал остонасида хитойлик спортчини мағлуб этган Дарья мусобақани кумуш медаль билан якунлашга муваффақ бўлди.

Ўз навбатида олтин медаль макаолик, бронза эса ушу ватани вакиласига насиб этди.

Шунингдек, Универсиада ўйинларида қатнашётган теннисчи қизларимиз Насиба Эсполова ва Омина Валихонова яккалик баҳсларнинг илк давра мусобақаларида ғалабага эришди.

Эсполова австралиялик Александра Вейрни 6/4, 6/3 ҳисобида, Омина Валихонова замбиялик Куин Сакалагани 6/1, 6/0 кўринишида таслим этди.

Энди Насиба Эсполова иккинчи босқичда турнирнинг саккизинчи ракеткаси, япониялик Икуми Ямазакига, Омина Валихонова эса мусобақада иккинчи рақам остида таснифланган Хитой Тайпейи вакиласи Лианг Ен-Шуога қарши кортга чиқади.

Бугун кун давомида дзюдочиларимиздан Жавоҳирбек Сапаров 73 килода, Нурбек Муртазоев 81 килода, Фарангиз Хожиева 63 килода, Нодира Юлдашева 70 килода медаллар учун курашга киришади.

Теннисчи қизларимиз Насиба Эсполова ва Омина Валихонова бугун жуфтлик мусобақаларидаги иштирокини бошлайди. Илк босқичда ҳамюртларимиз Жанубий кореялик  Мунг Жонг ва О Ёнгжига қарши кортга чиқади.

Ортда қолган биринчи кунги мусобақалар якунига кўра, медаллар жамғаришда 5 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалига эга Хитой жамоаси Универсиада ўйинларида пешқадамлик қилаётган бўлса, ундан кейинги ўринларда Жанубий Корея ва Япония талаба-спортчилари бормоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси 1 тадан кумуш ва бронза медаллари ҳисобига 12-ўриндан жой эгаллаб турибди.

Т.Рўзиев, ЎзА