Хабар берганимиздек, кеча Хитой Халқ Республикасининг Чэнду шаҳрида XXXI ёзги Бутунжаҳон Универсиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Хитойда бошланган Универсиада ўйинларида дунёнинг 119 та давлатидан 5 минг 100 нафардан зиёд талаба-спортчилар 269 та медаллар жамланмаси  учун баҳс олиб боради.

Мазкур Универсиада мусобақаларида мамлакатимиз талаба-спортчилари 7 та спорт тури бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Таэквондо спорт туридан 14 нафар, дзюдо 14, гимнастика 3, теннис 6, енгил атлетика 7, ушу 5, қиличбозлик спорт турида 20 нафар спортчимиз медаллар учун кураш олиб бориши белгиланган.

Бугун, 29 июль куни Чэнду шаҳридаги Универсиада шаҳарчасида терма жамоамиз учун ташкил қилинган “Чэнду-2021” штабида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов терма жамоамиз аъзолари билан учрашди.

Мулоқот давомида ташкилий масалалар муҳокама қилиниб, мусобақаларни юқори даражада бошлаш учун ҳар бир спорт тури бўйича режалар тайёрланиб умумлаштирилди. Спорт турлари бўйича мураббий ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, зарур йўл-йўриқ ҳамда кўрсатмалар бериб ўтилди.

Бугун кун давомида 11 нафар спортчиларимиз мусобақаларда иштирок этишга киришади.

Жумладан, теннис бўйича Насиба Эсполова ва Омина Валиханова яккалик баҳснинг дастлабки босқичида иштирок этса, ушу спорт турида Дарья Латишева ва Азиз Қахрамонов дастлабки кунги дастурларда чиқиш қилади.

Универсиада ўйинларининг дзюдо мусобақаларида Фотимахон Турсунбоева 48 килограммда, Гулҳаё Жураева 52 килограммда, Юляна Максетбаева 57 килограммда, Камолиддин Бахтиёров 60 килода, Абдураҳим Нутфуллоев 66 килода медаллар учун кураш олиб боради.

Мусобақалар 9 августгача давом этади.  

Т.Рўзиев, ЎзА