Пойтахтимиздаги “Алпомиш” спорт саройида дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё очиқ кубоги кескин ва муросасиз баҳсларга бой ўтмоқда.

Мусобақанинг иккинчи кунги дастурида эркаклар ўртасида -73 кг, -81 кг, -90 кг, +90 кг вазн тоифаларида, қизлар ўртасида эса -57 кг, -63 кг, -70 кг, +70 кг вазнда ғолиб ҳамда совриндорлар аниқланди.

Ушбу баҳсларда Азамат Аблакулов, Беҳрузбек Рустамбоев, Аселхон Аралбоева, Нигина Сапарбоева ҳамда Муштарийбегим Афзалова ўз вазн тоифаларида барча рақиблари устидан ғалаба қозониб, якунда олтин медаль билан тақдирланди.

– Осиё очиқ кубогининг 81 килограммгача вазн тоифасидаги баҳсларида иштирок этдим, – дейди Беҳрузбек Рустамбоев. – Мусобақадаги ҳар бир баҳс мен учун финалдек ўтди. Олтин медални қўлга киритганимдан хурсандман. Бу ғалаба меники эмас, балки терма жамоамизникидир. Келгусида мураббийларим қўл остида янада кўпроқ шуғулланиб, бунданда юқори марраларни забт этиш ниятидаман. Бу мақсадларимизга етишишимиз учун барча имкониятлар муҳайё. Бизга ўзимиз истаган спорт тури билан шуғулланиб, шоҳсупага кўтарилишимизга катта имкониятлар яратиб бераётган мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Осиё очиқ кубогининг учинчи кунида енгил вазн тоифасидаги ёшлар рақобатлашади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири