Жаҳон ҳамжамияти сунъий интеллект (СИ) технологияси келажагини шакллантириш, эҳтимолий хавфни имкон даражасида камайтириш ва технология салоҳиятини рўёбга чиқаришни таъминлаш учун биргаликда ишлаши керак. Британиянинг “Financial Times” газетаси сайтида чоп этилган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва савдо вазири Жин Раймондо мақоласида айни масала яна бир бор муҳокама қилинган.
“СИ келажагини аниқлаш учун биргаликда тезроқ ҳаракат қилишимиз керак. Ҳеч бир давлат ёки компания сунъий онг келажагини бошқалардан айро ҳолда белгилай олмайди. Қўшма Штатлар бу йўналишда муҳим қадам ташлади: фақат биргаликдаги саъй-ҳаракат ва янги ғоялар халқаро ҳамжамиятга СИ салоҳиятини тўлиқ, хавфсиз амалга ошириш имконини беради.
Аввалроқ “Amazon”, “Anthropic”, “Google”, “Meta”, “Microsoft”, “Inflection” ва “OpenAI” масъуллари сунъий интеллектга асосланган маҳсулотларни бозорга чиқаришдан олдин қатъий синовдан ўтказиш ҳамда жиддий хавфни минималлаштириш учун расмийлар, фуқаролик вакиллик органлари, илмий жамоатчилик билан ҳамкорлик қилишга ваъда берган. Етакчи компаниялар кибер хавфсизликка сармоя киритиш ва ишлаб чиқилган тизимнинг заиф томонини аниқлашга ёрдам беришга содиқлигини билдирган. Қолаверса, сунъий интеллект томонидан яратилган контентга “алдов ва фирибгарликнинг олдини олиш” мақсадида ёрлиқ қўйиш мажбуриятини олган.
Оқ уй маъмурияти Европанинг айрим давлатлари, шунингдек, Бразилия, Австралия, Жанубий Корея билан сунъий онгдан фойдаланиш, СИ тараққиётини тартибга солиш бўйича халқаро меъёр яратиш устида ишлашни режалаштирмоқда.
“Ўтган ҳафта АҚШ президенти Жо Байден кейинги қадам қандай бўлишига ойдинлик киритди. Унинг таъкидлашича, етакчи компаниялар СИ технологиясидан фойдаланишда хавфсизлик ва ишончни ошириш бўйича баъзи мажбуриятларни ўз зиммаларига олишмоқда. Ушбу мажбуриятлар орқали хавфни, жумладан, суистеъмол қилиш эҳтимолини камайтириш мумкин.
Блинкен ва Раймондо таъкидлашича, сунъий интеллектнинг матн, тасвир, видео ва аудио яратиш қобилияти аллақачон ёлғон ёки зарарли маълумот тарқалиши билан боғлиқ эҳтимолий хавфни пайдо қилган. Бундан ташқари, мақола муаллифлари сунъий интеллектдан диссидентларга қарши давлат назоратини, қатағонни кучайтириш ёки сиёсий вазиятни беқарорлаштириш мақсадида қўллаш хавфи борлигини ҳам алоҳида таъкидлашган.
Таъкидлаш керак, сунъий интеллектнинг ижобий томони ҳам мисли кўрилмаган даражада кўп. Масалан, сунъий онг саратон ва бошқа оғир касалликларни даволаш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини ҳал қилиш каби кўплаб долзарб масалалар ечимини топиш учун кенг имконият очади. Бу эса БМТ томонидан белгиланган барқарор ривожланиш мақсадига эришишни тезлаштиради.
С.Раҳимов, ЎзА