Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан «Адабий дўстлик – абадий дўстлик» мавзусида қардош халқ ёзувчи ва шоирлари асарлари кўргазмаси ҳамда адабий анжуман ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир ва журналист Ғайрат Мажид, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари Азамат Тошев, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири, устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ақчагул Тулегенова ва бошқалар мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлашга устувор масала сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
–Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилаётган тадбирлар байналмилал руҳи билан аҳамиятга молик, – деди таниқли шоир ва журналист, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид. – Барча тадбирларимиз халқаро миқёс касб этиши, миллатлараро дўстлик ва аҳилликни мустаҳкамлашдек эзгу мақсадларга қаратилгани эътиборлидир. Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Беларусь Республикасида бўлиб ўтган адабий форумлар, ТУРКСОЙ платформаси доирасидаги адабий анжуманлар шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Айни пайтда «Туркий адабиёт дурдоналари»нинг юз жилдли тўплами чоп этилди. Эндиликда жаҳон болалар адабиётига оид йирик адабий тўплам нашрга тайёрланмоқда. Буларнинг бари мамлакатимизда дўстлик, ҳамжиҳатлик фаолиятимизда устуворлик ўрин тутишини яна бир бор тасдиқлайди.
–Китоб бизни бир-биримизга янада яқинлаштиради, –деди Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев. – Мамлакатимизда турли миллатлар – туркман, озарбайжон, рус, қозоқ, тожик ва бошқа халқ ижодкорларининг асарлари чоп этилиши миллатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаши билан бирга китобхонликни ривожлантиришга, ижодкорларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Устоз журналист, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоевнинг таъкидлашича, Алишер Навоий билан Абдураҳмон Жомий ёзишмаларида, Махтумқули ва бошқа қардош халқлар адиб ва шоирларининг асарларида дўстлик мавзуси устувор ўрин тутади.
Тадбирда мамлакатимизда турли тилларда ижод қилувчи шоирлар иштирокида мушоира бўлиб ўтди. Қардош халқлар адабиётига оид китоблар кўргазмаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Назокат Усмонова,
Аҳмаджон Тўра (суратлар)
ЎзА