Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, фан арбоби, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродовнинг “Халқ сўзи” газетасининг 11 апрель сонида эълон қилинган “Миллат учун ҳаёт-мамот масаласи” номли мақоласида таълим соҳаси ўта куйинчаклик билан ёритилган. Уни ўқигач, жонажон ватанимизнинг оддий бир фуқаролари сифатида ўзимизни ўйлантириб келаётган кўпгина саволларга жавоб топгандек бўлдик.

Тараққий этган жамиятдагина инсон ўзи ва фарзандларининг турмуш даражаси яхшиланиб, расмана эркин инсон сифатида ҳаёт кечира олишига ишонади. Аммо, англаб етишимиз керакки, ёшларимизга илм-маърифат улашиш, уларнинг юксак интеллект ва ўткир зеҳн соҳиби бўлиб улғайишларига болалигидан, керак бўлса, ундан ҳам аввалроқ киришиш — бундай жамиятга эришишнинг ягона йўли ҳисобланади.

Тараққий этган давлат борки, у ерда таълим маданияти шаклланганини, бундай жамият аъзолари таълим муассасаларига ҳар томонлама кўмаклашишни ва устоз-мураббийларни ҳурматлашни ўзларининг бурчи деб ҳисоблашини кўришимиз мумкин. Хўш, таълим маданияти ўзи нима?

Таълим маданияти, бу — жамиятнинг таълимга бўлган муносабатини кўрсатувчи ва унинг ривожланишини белгиловчи қадриятлар, меъёрлар ва амалий ҳаракатлар мажмуи. 

Таълим соҳасида маданияти юксалган халқ билимга интилади, танқидий фикрлаш қобилиятини ўстиради, ўқитувчига ва таълим соҳасидаги бошқа мутахассисларга ҳурмат билан қарайди, узлуксиз ўрганиш ва ўз-ўзини ривожлантиришга тайёр туради. Таълим маданияти билим бериш йўллари, ўргатиш жараёнини ташкил этиш ва уни баҳолаш, ижодий ва илмий фаолият учун шароит яратиш, таълим орқали ижтимоий масъулият ва фуқаролик позициясини шакллантиришни ҳам қамраб олади.

Таълим маданияти жамият ривожининг энг муҳим таркибий қисмидир, чунки у жамият аъзоларининг инновация ва тараққиётга, шунингдек, ўзни ривожлантириш ва ўзини ўзи ташкил этиш қобилиятини белгилайди.

Мақолада аҳолининг интеллектуал ривожланиши мамлакатнинг миллий ғоясига айланиши мумкинлиги таъкидланган. Дарҳақиқат, таълим ва аҳолининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳар қандай давлатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишининг асосий омиллари ҳисобланади. Агар давлат ўз саъй-ҳаракатларини таълим даражасини ошириш, фан ва технологияни ривожлантиришга қаратса, бу одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва миллий рақобатбардошликни ошириш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги илк учрашувини Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий ўқув юртлари ректорлари билан ўтказиб, бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилаётганини, зотан, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин эканини бежиз таъкидламаган эди. Шундан буён ўтган 5-6 йил ичида таълим соҳасида юртимизда улкан ўзгаришлар юз берди, мактабгача, ўрта ва олий таълимни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида мисли кўрилмаган ишлар қилинди. Нега?

Кўпгина давлатлар ўзларининг ривожланиш стратегияларига таълим, фан ва технологиянинг устувор йўналишларини аллақачон киритган. Мисол учун, Финляндия таълим соҳасида дунёдаги энг яхши мамлакатлардан бири сифатида тан олинган, бу эса унга жаҳон иқтисодиётида рақобатбардош устунликни беради. Япония ва Жанубий Корея фан ва технологияларни ривожлантириш дастурлари билан ҳам машҳур бўлиб, бу борада жаҳон иқтисодиётида етакчиликни қўлдан бермай келади. Тўғри, барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш учун мамлакат ҳукумати томонидан таълим ва фанни ривожлантиришга етарли миқдорда маблағ ажратилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, интеллектуал ривожланиш мамлакатнинг миллий ғоясига айланиши учун у аҳолининг барча қатламларини қамраб олиши ва истисносиз, барча бирдек таълим тизимини яхшилашга сафарбар бўлиши зарур.

Эслаб ўтганимиз, мақолада бугунги куннинг ўта долзарб муаммоси — сифатли таълим ва самарали илм-фан негизида юқори интеллектуал даражали авлодни тарбиялаш масаласи кўтарилган. Сифатли таълим ва самарали илм-фан асосида юксак интеллектуал савияга эга авлодни тарбиялаш жамият тараққиётининг муҳим йўналиши бўлиб, келажакда мамлакатимиз равнақи ва жаҳон ҳамжамиятида рақобатбардошлигини таъминлай олиши ҳақида мулоҳаза юритилган. Қўшимча қилиб шуни айтишимиз мумкинки, бунинг учун танқидий фикрлашни, ижодкорлик ва мураккаб муаммоларни ҳал қилиш қобилиятини ривожлантиришни рағбатлантирадиган таълим тизимини яратиш керак.

Юқори интеллектуал савияли авлодни тарбиялашнинг асосий элементларидан бири сифатли таълим олиш учун шароит яратишдир. Бунга энг яхши ўқитувчи ва педагогларни жалб этиш, ўқитиш услублари ва технологияларини янгилаш, таълимни аҳолининг барча қатламлари учун қулай қилиш киради.

Яна бир муҳим жиҳат — самарали илм-фан жамият тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучига айланиб, ёшларни турли соҳаларда изланиш ва ривожланишга ундайди. Бу ёшларни диверсификация қилади ва уларни турмушдаги муаммоларни осонроқ еча олишга тайёрлайди.

Умуман олганда, юксак интеллектуал савияга эга авлодни тарбиялаш ҳар қандай давлат учун муҳим стратегик вазифа бўлиб, унга давлат, таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар, энг асосийси — ота-оналарнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан эришилади.

Бугун ён-атрофга разм солсангиз, кўпчилик ҳамюртларимизнинг фарзанд тарбиясига, унинг ўқиб-ўрганишига муносабати ўзибўларчилик ҳолатида эканидан ачинасиз. Баъзилар “фарзандни дунёга келтирдим, у ёғига тақдирида ёзгани бўлади”, дея, унинг соғлом ўсиши ва сифатли таълим олишига эътибор ҳам бермай қўйган.

Уларни ҳам бир қадар тушуниш мумкиндир: юртдошларимизнинг пул топиш, орзу-ҳавасдагидек уй тиклаш, эл-юртга тўй бериш каби бирламчи юмушлари бор. Бироқ, ўз боласига яхши таълим-тарбия бериш буларнинг барчасидан муҳимроқдир.

Шу ўринда бир синф раҳбарининг ижтимоий тармоқдаги ота-оналар гуруҳига ёзган илтимосини (илтижосини) келтирсак: “Ҳурматли ота-оналар! Ўқув йили тугашига саноқли кунлар қолди. Сизлардан қаттиқ илтимос, фарзандингизни бошқаринг, унлардан қимматли вақтингизни аяманг! Конспект дафтарларини текширинг, баъзи фанлардан дафтари ҳам йўқлигини кўрасиз. Яъни уларнинг аксарияти синфда ишламайди. Болаларни назоратсиз ва эътиборсиз қолдирманг. Яхши ўқимаган ва дарс қолдирган болаларда кейинчалик муаммолар бўлиши мумкин. Кўпгина фанлардан жуда паст баҳолар тўпланган ёки ёмон баҳолар мавжуд. Эслатиб ўтаман, 11-синфни битиргач, бериладиган етуклик аттестати 6-синфдан бошлаб баҳоларни ўз ичига олади. Агар бирортангизнинг саволингиз бўлса, менга қўнғироқ қилинг”.

Баъзида муаллимлар одамларнинг ўз фарзандлари тақдирига бунчалик бефарқлигига чидай олмасдан, гуруҳдаги ота-оналарга аччиқ-аччиқ гапиришга мажбур бўлади. Айримлари билан тортишади. Чунки бировнинг фарзанди бўлса-да, ҳозир ўсмир ёшидаги ўша болалар — бизнинг келажагимиз.

Президентимиз жамиятни ислоҳ қилиш аввало маҳалладан бошланиши ҳақида бежиз такрор ва такрор таъкидлаётгани йўқ. Ота-она, яқин қариндош, ҳатто маҳалла аъзолари ҳам бунга бефарқ бўлмаслиги, эртанги кунимиз ҳозирги ёшлар қўлида эканлигини унутмаслиги шарт! Нега десангиз, четдан биров келиб болаларимизнинг ақлини чархламайди, онгини ўстирмайди, уларнинг ҳар жиҳатдан етук инсон бўлиши ўзимизга боғлиқ!

Шу ўринда фарзанд камолотида онанинг ўрни мислсиз эканини таъкидламасдан иложимиз йўқ. Тан олиш жоиз, она ҳам, ота ҳам бола интеллектини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди, бунда уларнинг ҳиссаси тенг. Бироқ, турли сабабларга кўра, бола ақл-заковатининг ривожланишида отадан кўра онанинг роли муҳимроқ.

Биринчидан, оналар одатда болани озиқлантириш, чўмилтириш ва ҳоказо каби жисмоний парваришлаш учун улар билан кўпроқ вақт ўтказади. Худди шу даврда интеллектуал ўсишнинг пойдевори қўйилади. Она мулоқот қилиш, китоб ўқиш, ўйинлар, ривожланишга кўпроқ вақт ажратиши мумкин, бу эса бола интеллектини юксалтиришга ижобий таъсир қилади.

Иккинчидан, ҳиссий қўллаб-қувватлаш: оналар кўпинча бола учун биринчи ва асосий ҳиссий ёрдам манбаи ҳисобланади. Улар болага қайғули, ташвишли вазиятда ёки қўрққанида тасалли бериши мумкин. Бу болаларда ишонч ва ўзини ҳурмат қилиш туйғуларини ривожлантиришга, ҳар қандай муҳитда ўзини қулай ҳис этишига ва янги билимларга қизиқишига ёрдам беради.

Учинчидан, ахлоқ ва қадриятларни тарбиялаш: боланинг ахлоқи ва қадриятларини шакллантиришда оналар асосий роль ўйнайди. Улар болаларга ижтимоий меъёрларни, меҳр-оқибат, раҳм-шафқат, бошқаларга ҳурмат ва ҳоказоларни ўргатишлари мумкин.

Ва ниҳоят, таълим: оналар кўпинча бола учун биринчи ўқитувчи ролини ўйнайди, унга ўқиш, ёзиш, математика асосларини ўргатади. Бу — боланинг когнитив қобилиятларини ривожлантириш ва келажакда ўқишда муваффақиятга эришиши учун муҳимдир. Кўпгина мамлакатларда оналар болаларнинг таълимда танлови ва иштироки учун кўпроқ масъулдирлар, шунинг учун уларда ўқишни ташкил қилиш ва боланинг ривожланишини назорат қилиш эҳтимоли кўпроқ. Шу боис ҳам Япония, Германия, Исроил сингари давлатларда онанинг фарзанд ҳаётидаги ўрнига жуда катта эътибор қаратилади. Бу ва бошқа кўплаб омиллар оналар нима учун болаларни тарбиялашда муҳим роль ўйнашини англатади. Бироқ, ота-она тарбияси одатда иккала ота-онани, шунингдек, боланинг ҳаётидаги бошқа катталарни, масалан, бобо-бувилар, қариндош-уруғ ва бошқаларни қамраб оладиган жараёндир.

Халқимизда “Ош бериб боқсанг, тош бериб боқади”, деган нақл бор. Буни болага ўта қаттиққўл бўлиш керак деб эмас, балки унинг юриш-туришидан тортиб, қандай таълим олаётгани, қизиқишлари ва қобилиятига қараб бирор касбни танлашигача қаттиқ назоратда ушлаш зарур деб тушунишимиз лозим.

Агар биз ҳозирги таҳликали ва ҳар куни қиёфасини янгилаб турган замонда муносиб яшаб қолишни, келгусида “тенглар ичра тенг” бўлишни истасак, илм-фан ва интеллект жиҳатдан бошқа халқлардан ортда қолишга ҳаққимиз йўқлигини англашимиз зарур. Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси таълим маданиятини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшса, тез орада бунинг меваларидан барчамиз баҳраманд бўламиз, ҳеч бўлмаганда, авлодларимиз — ўғил-қиз, невараларимиз бунинг роҳатини кўришига эриша оламиз. Айни куч-қувватга тўлган йигит-қизларимиз ўзга юртларга йўли тушганида оддий мардикор бўлганидан кўра, юқори малакали мутахассис бўлиб ишласа, ўз яқинларию, юртига кўпроқ фойдаси тегади, хорижликлар кўз ўнгида Ўзбекистоннинг ҳавас қилгулик сиймосини яратади, имижини яхшилайди.

Ер юзидаги жонзотларнинг барчаси ўз боласининг қорни тўқ, турли бало-офатлар ва хавф-хатардан холи яшашини истайди. Фақатгина инсон зотигина шуларга қўшиб ўз боласига фаҳм-фаросат, билим, зеҳн, ҳунар, тарбия берадики, ҳозирда аҳолиси яхши яшайдиган давлатларнинг фуқаролари бу борада биздан ўзиб кетган. Ваҳоланки, юртимизда яшаб ўтган олим-у фузалолар, миллат ойдинлари илм ўрганиш орқалигина тараққиётга эришиш мумкинлигидан кўп бора огоҳлантириб кетганлар.

Эндиликда биз жонажон юртимизда таълим маданиятини шакллантириш орқалигина, юксак марраларга эришишимиз мумкин. Хайриятки, бугунги Ўзбекистонда таълим маданиятини шакллантиришга давлат томонидан бирламчи устувор вазифа сифатида қарала бошланди. Ҳозирда давлат бу борада ўз мажбуриятларини тўла-тўкис бажаришга киришди.

Яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 50-моддасида фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқлари кафолатлаб қўйилди. Юртдошларимиз нима сабабдан ҳукумат бунга қаттиқ киришганлигини англаб етишлари ва бу саъй-ҳаракатларни амалий натижалар билан қўллаб-қувватлашлари керак. Шундагина биз ўзимиз кўзлаган нурли манзилларга яқинлаша бошлаймиз, мамлакатимиз эса ҳозиргидан ҳам гуллаб-яшнайди.


Ғофир ҲАМРОЕВ, 

Олий Мажлис Сенатининг 

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш 

масалалари қўмитаси масъул ходими, 

педагогика фанлари доктори.

Мавлон БОБОХОНОВ, 

Шароф Рашидов номидаги 

Самарқанд давлат университети 

филология фанлари номзоди, доцент