“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг 2023 йил январь-июнь ойлари фаолияти таҳлилига кўра, кон устини очишлар 11,1 миллион куб метр ёки прогнозга нисбатан 102 фоиз бажарилган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 133,2 фоизни ташкил этди.
Кўмир қазиб чиқариш 2 347,5 минг тоннага ёки режага нисбатан 102,8 фоиз (2 283,4 минг тонна) бажарилган. Истеъмолчиларга 2 266,4 минг тонна кўмир етказиб берилиб, режа 107,1 фоизга (2 115,5минг тонна) уддаланган.
Бугун Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди. Унда иштирок этган “Ўзбеккўмир” АЖ масъуллари 2023 йилнинг I ярим йиллиги якунлари ва галдаги долзарб вазифалар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
“Ўзбеккўмир” АЖ бош геологи Эркин Жўраевнинг қайд этишича, ўтган олти ой мобайнида ишлаб чиқариш амалдаги нархларда 605,5 миллиард сўмга бажарилган. Бу кўрсаткич режага нисбатан 101,8 фоизни, ишлаб чиқариш таққослама нархларда эса 518,2 миллиард сўмни ташкил этган. Режага нисбатан бу 100,9 фоизга уддаланган.
–Дастлабки ўрганишларга кўра, кўмирга талаб шу йилнинг ўзида 1,5 бараварга ошиши кутилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 11 май куни энергия таъминоти масалаларига бағишланган йиғилишда Ўзбекистонда кўмир қазиб олишни кўпайтириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Шу талабларга асосан “Ўзбеккўмир” АЖ да 2023 йил учун тасдиқланган режаларга ўзгартириш киритилди. Яъни, жорий йилда жамият томонидан 5,8 миллион тонна кўмир қазиб чиқарилиши режалаштирилди. Бунинг учун жамият томонидан мавжуд тоғ-кон техникалари ва воситаларини таъмирлаш ҳамда янгиларини харид қилиш чоралари кўрилмоқда. Жорий йилда техникаларни таъмирлаш учун 255 миллиард сўмлик эҳтиёт ва бутловчи қисмлари ҳамда 82 та махсус тоғ-кон техникасини харид қилиш белгиланган, – деди Э.Жўраев.
Шунингдек, матбуот анжуманида 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, республика бюджет ташкилотларига 491,7 минг тонна, аҳолига 1 190,8 минг тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилиши кўзда тутилган. Ушбу кўмир маҳсулотлари жамиятнинг “Кўмир таъминот” МЧЖ га тегишли вилоятлардаги мавжуд кўмир омборлари орқали етказиб берилади.
–Бюджет ташкилотларига жорий мавсум учун кўмир маҳсулотлари май ойидан етказиб берилиши бошланган, – деди “Кўмир таъминот” МЧЖ бош директори ўринбосари Фарҳод Хурсанов. – Жорий йилнинг 26 июль ҳолати бўйича маҳаллий кўмир етказиб бериш кўрсаткичи 252 минг тоннани ташкил этди. Аҳоли истеъмолчиларини кўмир ёқилғиси билан таъминлаш ишлари жорий йилнинг 2 июль кунидан бошланиб, 26 июль ҳолатига 85 минг тонна 2 БЗР 25-500 маркали кўмир етказиб берилди.
Анжуманда айтиб ўтилганидек, айни кунларда “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли 89 та ҳудудий кўмир омбори ва 12 та шохобчаларида иш қизғин. Аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ва қулайлик яратиш мақсадида “Кўмир таъминот” МЧЖ томонидан 43 та “ISUZI” 11 та “MAN” русумли юк машиналари ҳамда 62 та автоюклагич жалб этилган.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА