Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумининг бориши тўғрисида брифинг бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ахборот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова мазкур тизимдаги Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти томонидан меҳнаткашлар фарзандларини соғломлаштиришга оид амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, самарасиз фаолият олиб бораётган ёки сотувга қўйилган жами 79 та оромгоҳ Касаба уюшмалари тизимига ўтказилди. Зеро, мақсад оромгоҳларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, бу орқали болаларни соғломлаштириш йўналишидаги ишлар сифати ва кўламини оширишдан иборатдир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимда мавжуд бўлган 25 та ва Федерация тизимига янги ўтказилган 75 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида жорий йилги мавсум олдидан кенг кўламдаги таъмирлаш ва тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Шунингдек, ушбу оромгоҳлар барча зарур жиҳозлар билан таъминланди. Хусусан, қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, ошхона ва ётоқхона жиҳозлари, зарур инвентарлар, маиший техникалар етказилди. Жумладан, ҳар бир оромгоҳ эҳтиёжига қараб, музлатгич, кир ювиш машиналари, компьютер ва телевизорлар, кроватлар, кўрпа (матрас), ёстиқ, чойшаб, ёпинчиқлар, генераторлар, маданий тадбирлар учун ускуналар, 35 турдаги ошхона жиҳозлари, спорт жиҳозлари билан таъминланди.
Шунингдек, Федерация тизимига ўтказилган болалар соғломлаштириш оромгоҳларидан 14 таси янгидан қурилмоқда, яна бир қатор оромгоҳлар тўлиқ қайта реконструкция қилинмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан болаларни соғломлаштириш ишларини мувофиқлаштириш билан бирга охирги 6 йил давомида 8 та замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада ҳар йили қўшимча равишда 9 минг нафар болани соғломлаштириш имконияти яратилиб, ўғил-қизларни оромгоҳларга қамраб олиш кўлами кенгайтирилди.
Бугунги кунда жорий йилги болаларни ёзги соғломлаштириш мавсуми қизғин давом этмоқда. Соғломлаштириш мавсуми жорий йил 1 июндан бошланди. Мамлакатимиз бўйлаб жами 200 та стационар турдаги ва 954 та соғломлаштириш майдончалари шаклидаги оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Уларда мавсум давомида жами 310 минг 500 нафардан ортиқ болажонларни дам олдириш режалаштирилган. Бундан 158 мингга яқин ўғил-қиз стационар турдаги оромгоҳларда соғломлаштирилади, қарийб 153 минг нафар болажонлар соғломлаштириш майдончаларида дам олдирилади.
Мавсум олдидан болалар соғломлаштириш оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш ва таъмирлаш борасида тизимли ишлар олиб борилиб, назорат кучайтирилди.
Хусусан, оромгоҳларни электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви таъминоти, ёнғин хавфсизлиги ва алоқа воситалари билан тўлиқ таъминлаш, сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, оромгоҳларга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш бўйича барча зарур тадбирлар амалга оширилди.
Ҳар бир оромгоҳга малакали педагоглар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди. Болалар дам олиш масканлари зарур дори-дармон воситалари, илон ва қорақурт заҳрига қарши зардоблар билан таъминланди. Ҳар бир навбат бошланиши ва якунида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳудудини санитария ходимлари томонидан дезинфекция қилиш ишлари қатъий йўлга қўйилди.
Ҳар бир ҳудудда туну-кун ишловчи ҳудудий штаблар, Департамент қошида эса Республика штаби фаолият олиб бормоқда. Барча оромгоҳларга болалар йўл патрул хизмати ходимлари кузатуви остида автобусларда хавфсиз етказилиши, оромгоҳларга киришдан олдин болалар бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, сўнгра гуруҳларга бўлиниши йўлга қўйилган.
Оромгоҳлар ҳудуди ва уларнинг атрофида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари, Миллий гвардия ходимлари, шунингдек, болаларнинг саломатлигини назорат қилиш мақсадида тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги ташкил этилган.
Жорий йилнинг 25 июль ҳолатига кўра, республика бўйича жами 1 минг 121 та, шу жумладан, 196 та стационар турдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳамда 922 та соғломлаштириш майдончалари фаолият кўрсатмоқда.
Бугунги кунгача стационар турдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 133 минг 497 нафар, соғломлаштириш майдончаларида эса 139 минг 447 нафар, жами 272 минг 944 нафар бола соғломлаштирилди. Ушбу кўрсаткич мавсум давомидаги умумий режага нисбатан 87,9 фоизни ташкил этмоқда.
Кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйи ва Оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган оилалар фарзандларини имтиёзли соғломлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаётган ижтимоий ҳимояталаб ходимларнинг фарзандлари Жамоа шартномалари орқали имтиёзли ва бепул йўлланмалар билан таъминланмоқда.
Оромгоҳларнинг аксарияти ўғил-қизларни нафақат мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятларини ривожлантириш, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказ сифатида фаолият олиб бормоқда.
Дам олаётган болажонларнинг ҳорижий тиллар ва компьютер бўйича билимлари оширилмоқда. Оромгоҳларда “Ёш китобхонлар”, “Ҳорижий тиллар”, “Тасвирий санъат”, “Моҳир қўллар”, “Ҳунармандчилик”, “Хореография”, “Жисмоний тарбия ва спорт”, “Бисер тикиш” каби 10 дан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
Н.Усмонова, ЎзА