Сингапур коррупцияга қарши курашиш соҳасида илғор тажрибага эга давлат ҳисобланади. Тегишли рейтинглар бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирида.
Хусусан, Transparensy International халқаро ноҳукумат ташкилотининг 2022 йил якунлари бўйича Коррупцияни қабул қилиш индексида Сингапур 180 давлат орасида 5-ўринни эгаллаган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Сингапурга амалий ташрифидан мақсад икки давлат коррупцияга қарши курашиш идоралари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш. Шунингдек, Сингапурнинг илғор тажрибаси билан яқиндан танишиш ва мақбул ечимларини миллий амалиётга татбиқ этишдир.
Сафар доирасида Сингапур Бош прокуратураси, Коррупция амалиётларини тергов қилиш бюроси, PSB Академияси, Ли Куан Ю номидаги давлат сиёсати мактаби ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар режалаштирилган.
Ташрифнинг биринчи куни Сингапурнинг Коррупция амалиётларини тергов қилиш бюроси ва Бош прокуратура вакиллари билан учрашув ташкил этилди.
Унда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва уни амалга ошириш, бу борада аксилкоррупция бюроси ва прокуратура органларининг роли, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш тизими каби қатор муҳим масалаларда музокаралар ўтказилди.
Томонлар ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш ва мунтазам тажриба алмашиш амалиётини йўлга қуйиш юзасидан келишувга эришди.
Ташрифнинг биринчи куни делегация аъзолари шунингдек, Сингапур Туризм менежменти институти вакиллари билан учрашиб, Ўзбекистонда давлат хизматчиларини ўқитиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Н.Абдураимова, ЎзА