Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тошкент шаҳрини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.
Унга кўра, Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди:
тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш;
маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бульварлар қиёфасини ўзгартириш, яшил ҳудудларни кескин кўпайтириш орқали пойтахтни тоза ҳаволи мегаполислардан бирига айлантириш ҳамда аҳоли ва меҳмонлар ҳордиқ чиқариши учун шароитлар яратиш;
муҳандислик-коммуникация тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш орқали пойтахтни коммунал хизмат кўрсатиш муаммоларидан холи ҳудудга айлантириш ва аҳоли ҳаракатланиши учун янада қулай йўл инфратузилмасини яратиш;
ягона ёндашув асосида қурилишларни мувофиқлаштириш ва қурилиш ҳажмига мос равишда ижтимоий инфратузилмани кенгайтириш орқали «ақлли» шаҳарсозлик тамойилларини жорий этиш;
ҳокимлик тизимида ҳар бир йўналиш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этиш, самарадорлик кўрсаткичларига асосланган замонавий менежментни йўлга қўйиш ва инсон ресурсларини ривожлантириш.
Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари қуйидагилардан иборат бўлади:
Тошкент шаҳрини яшаш учун энг қулай шаҳарлар рейтингига киритиш;
ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 500 триллион сўмга етказиш;
саноат ва хизматлар соҳасида жами 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳаларни амалга ошириш;
саноат, хизматлар ва туризм экспорти ҳажмини 7,5 миллиард АҚШ долларига етказиш;
муҳандислик-коммуникация тармоқларини кенгайтириш ва тўлиқ модернизация қилиш;
қўшимча 4 минг гектар яшил ҳудудлар ташкил этиш.
Фармонга мувофиқ, Тошкент шаҳри ҳокимлиги муассислигида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида «кўприк» вазифасини бажарувчи «Тошкент Инвест компанияси» акциядорлик жамияти ташкил этилади.
Тошкент шаҳрининг инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш, аҳолининг кундалик ҳаётидаги коммунал ва бошқа соҳалардаги кечиктириб бўлмайдиган масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси этиб қайта номланади ва Жамғарма маблағларини бошқариш ҳуқуқи “Тошкент Инсест компанияси”га берилади.
Фармон билан Тошкент шаҳрини 2023-2025 йилларда ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ҳам тасдиқланди.
ЎзА