Россия элчихонасининг 45 нафар ходими, жумладан, дипломат ва техник ходимлар Молдовадан чиқариб юборилади. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазирлиги расмий вакили Игорь Захаров маълум қилди.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, РФ дипломатлари сонини Молдованинг Москвадаги элчихонаси даражасигача қисқартириш қарори қабул қилинган: 10 нафаргача дипломат, маъмурий, техник ва бошқа функциялар учун масъул ходимлар – жами 15 киши. Бу қарор Молдовадаги ички сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган номақбул ҳаракат ва уриниш билан изоҳланган.

Нотада россиялик дипломатлар 15 августгача Молдовани тарк этишлари зарурлиги белгиланган.

Ҳукумат йиғилишида Бош вазир ўринбосари Ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазири Николай Попеску ўтказилган журналистик текширув якуни билан ўртоқлашди. Кишинёв марказида жойлашган Россия элчихонаси биносига кўплаб антенналар ўрнатилгани, хизматчилар махсус жиҳозлар ёрдамида махфий маълумот тўплаши мумкинлиги иддао қилинган.

Шу муносабат билан кеча элчи Олег Васнецов ТИВга чақиртирилган ва унга тегишли нота тақдим этилган.

Журналистлар билан суҳбатда элчи жосуслик ҳақидаги можародан дипломатик ходимларни қисқартириш учун баҳона сифатида фойдаланилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Кишинёвнинг ҳаракатлари икки давлат ўртасидаги мулоқот ҳолатига жиддий путур етказади.

 

ЎзА