Ҳар йили 24 июль куни Франциянинг Париж шаҳрида катта кураш байрамини ташкил этиш одат тусига кириб бормоқда.
Айнан шу куни орзу ва муҳаббат рамзига айланган Эйфил минораси пойида нафақат кўҳна қитъанинг, балки дунёнинг энг забардаст полвонлари миллий спорт туримиз кураш бўйича куч синашади.
Нуфузли кураш байрамига йиғилганлар шиддатли ва жозибадор баҳсларга гувоҳ бўлиш билан бирга ўзбек маданияти, санъати ва миллий ҳунармандчилик кўргазмаларидан баҳраманд бўлишади.
Бу йил ҳам шундай бўлди. Халқаро кураш ассоциацияси тақвим режасидан ўрин олган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирда дунёнинг 20 га яқин давлатидан вакиллар иштирок этди.
Кураш баҳслари кутилганидан-да шиддатли ва муросасиз ўтди. Жаҳон чемпионлари, Олимпия ўйинлари иштирокчилари, қитъа ва дунёда тенгсиз бўлган сара полвонлар ғолиблик учун гиламга чиқди.
Кураш бўйича 4 карра жаҳон чемпиони, 2 карра Осиё чемпиони, қитъа ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов ўз ғалабалари қаторига Париж турнири ғолиблигини ҳам ёзишга муваффақ бўлди.
У ярим финалда сербиялик рақибини, финал баҳсида эса Европа очиқ чемпионати ғолиби Викрос Рескони доғда қолдирди. Бу, Муҳсин Ҳисомиддинов олтин медаль ва 3000 евро пул мукофоти билан Тошкентга қайтишини таъминлади.
Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ташаббуси билан турнир доирасида маданий тадбирлар ташкил этилди. Унда ўзбек санъатининг таниқли вакиллари ўз қўшиқлари билан иштирокчиларга байрам кайфиятини армуғон қилди.
26 июль куннинг иккинчи ярмида Париж кураш майдонларида миллий қадриятларимизни улуғлаганлар ҳамда қизғин беллашувларда зафар қучган спортчиларимиз юртимизга қайтиб келди.
Пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда ташкил этилган тантанали кутиб олиш маросимида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, спортчиларнинг яқинлари, журналистлар иштирок этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА