Буюк аждодларимизнинг бой ҳарбий мероси, бошқарув ва саркардалик маҳорати, умуман, миллий ҳарбий санъат тарихини ўрганиш ва оммалаштириш юзасидан юртимизда самарали ишлар ташкил қилинмоқда.

Хусусан, 2021 йил 1 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида ҳарбий илм-фанни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори айни йўналишдаги вазифаларни белгилаб берди, десак, муболаға бўлмайди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институти ташкил этилиб, унга қарашли марказлар фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида ҳарбий тадқиқотлар, ҳарбий меросни ўрганиш ва такомиллаштириш, ҳарбий тадқиқотлар институтида илмий мактаб яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби полковник Отабек Йўлдошев, институтнинг Ҳарбий хавфсизлик муаммоларини тадқиқ қилиш маркази бошлиғи полковник Азизжон Тоиров, марказ бошлиғи полковник Ҳусанали Пардаев, тарих фанлари номзоди, доцент, катта илмий ходим Озода Раҳматуллаева иштирок этди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирга келиб Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институти тадқиқот йўналишлари бўйича тажрибали мутахассислар билан бутланган ва тадқиқотчилар томонидан бир қатор илмий изланишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, соҳа йўналиши бўйича нуфузли миллий ва хорижий олий таълим муассасалари ва тадқиқот марказлари билан меморандумлар имзоланиб, илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, институт базасида Идоралараро ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, миллий ҳарбий меросни тизимли ўрганиш ва оммалаштириш Концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Амалга оширилаётган ишлар натижасида республикамизда миллий мерос йўналишида илмий мактаб ва илмий марказлар фаолияти йўлга қўйилди.

Институт илмий ходимлари томонидан ҳозирги кунга қадар низом ва концепция лойиҳалари, турли монографиялар, ўқув-услубий қўлланмалар, дарсликлар, рисолалар, илмий журналлар ва таҳлилий тўпламлар ишлаб чиқилиб, қўшинлар фаолияти ҳамда ОҲТМларининг ўқув-илмий ва тарбиявий жараёнларига татбиқ этилмоқда.

“Ўзбекистоннинг янги тараққиёти даврида давлат ва жамиятнинг барча йўналишларида бўлгани каби ҳарбий илм-фан, ҳарбий меросни ўрганиш борасида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институтида Ватанимизнинг қадимдан то замонавий давргача улуғ аждодларимизнинг ҳарбий меросини илмий-асосли ўрганиш, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа саркардаларнинг бой тактика ҳамда стратегиялари, миллий ва жаҳон ҳарбий санъатига қўшган ҳиссаларини манба асосида очиб бериш, қаҳрамонликларини оммалаштириш вазифалари белгиланган. Хусусан, Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темурнинг ҳарбий тематик лагерларини ташкил этиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳарбий лагерлар ёшларимизни тарихий ва ҳарбий билимини оширишга, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳамда юртимизнинг туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилади”, – дейди Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими, доцент Озода Раҳматуллаева ўз маърузасида.

Тадбирда мутахассислар оммавий ахборот воситалари вакилларининг мавзуга оид саволларига жавоб беришди.

ЎзА