Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Бирлашган Араб Амирликлари расмий ахборот агентлиги – “WAM” саҳифаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва БАА вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтгани ҳақида мақола эълон қилинди. Мақолада кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилгани қайд этилган.

Нашрда Шайх Мансур Ол Наҳаён давлатимиз раҳбарини таваллуд айёми билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, муваффақият тилагани, Амирликлар Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказгани алоҳида урғуланган.

Мақолада БАА ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама муносабат, икки дўст мамлакат ва халқлар умумий манфаатига хизмат қилувчи, минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик турли соҳа ва тармоқларда ривожлантириш йўллари муҳокамаси таъкидланган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА