Инсон ҳуқуқлари таъминланган жамият энг адолатли жамият ҳисобланади. Ҳуқуқлар таъминланиши учун эса уларни билиш, ҳимояси учун курашиш ҳам зарур.
Ҳуқуқий журналистика жамиятга айнан шу масалада жуда ҳам зарур. Аҳолига қонунларни, ҳақ-ҳуқуқларини тушунтириш, зарур ҳолларда, ҳимояси учун курашиш ушбу йўналишда ижод қилаётган журналистларнинг асосий вазифаси.
Шу жиҳатдан бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий журналистика жадал тараққий этиб бормоқда. Ўз ҳуқуқлари ҳимояси учун оммавий ахборот воситаларига мурожаат йўллаётган юртдошларимиз ҳам кўпайган.
Ҳуқуқий ахборотлар кўлами кенгайгани ва улар оммавий ахборот воситаларига мунтазам олиб чиқилаётгани учун ҳам аҳолининг ҳуқуқий маданияти ошди. Айнан шундай маълумотларни сайтларда, газета саҳифаларида ўқиётгани учун ҳам муштарийлар кўп ҳолларда оммавий ахборот воситаларидан ёрдам сўрамоқда.
Муҳими, ОАВда инсон ҳуқуқлари тикланиши борасида эълон қилинаётган мақолалар ўз натижаларини бериб келмоқда. Мисол учун, жорий йил биринчи ярмида Бош прокуратура танқидий материалларни ўрганиш натижасида 29 жиноят иши қўзғатган ва 32 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланган.
Адлия вазирлигида “Янгиланган Конституция ва қонунларимиз – журналист ҳақ-ҳуқуқининг кафолати” мавзусида ташкил этилган йиғилишда эса ҳуқуқий мавзуни ёритишнинг ниҳоятда мураккаб ва масъулиятли эканлигига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда уюшма қошидаги ҳуқуқий журналистика кенгаши аъзолари, Адлия вазирлиги масъул ходимлари, ҳуқуқшунослар, ОАВда ҳуқуқий мавзуларни ёритишга ихтисослашган журналистлар иштирок этиб, янгиланган Конституцияда журналистларимиз ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси таъминланганини қайд этди.
Бош қомусимизга кўра, оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб боради. Давлат оммавий axборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир.
Цензурага йўл қўйилмаслиги ҳам Конституцияда қайд этилган. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Тадбирда ҳуқуқий мавзуларнинг ёритилишидаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўз борди. Ёш журналистларни ҳуқуқий мавзуларни ёритишга жалб этиш, уларни тажрибали устоз журналистларга бириктириш лозимлиги таъкидланди.
Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева ҳуқуқий мавзуларга қизиқадиган ёш журналистлар билан ишлашга, уларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Йиғилиш якунида мавзу юзасидан фикр алмашилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА