Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертларининг қайд этишича, кейинги йилларда агродронларнинг дунё бозори ўсишда давом этмоқда.
«GlobalData» маълумотларига кўра, 2015-2021 йиллар оралиғида қишлоқ хўжалиги дронлари билан боғлиқ патентлар сони 14 баравар ошган. 2022 йил охирида дронлар бозорининг 11 фоизи қишлоқ хўжалигининг улушига тўғри келди.
«FactMR» таҳлил агентлигининг ҳисоб-китобларига асосан 2033 йилга борганда агродронлар бозори 4 баробар кенгаяди ва 14 миллиард долларга етади.
Хўш, қишлоқ хўжалигида агродронлардан фойдаланишнинг асосий афзалликлари нималардан иборат?
Ушбу саволни қуйидагича асослаймиз. Агродронлардан фойдаланишнинг афзаллиги шундаки, у орқали далалар кузатиб борилади ва ўрганиб чиқилади. Далаларга ишлов берилади ва экин экилади, ҳосил миқдори аниқланади ва ҳосилдорликни оширишда фойдаланилади.
Қайси давлатлар агродронлардан самарали фойдаланмоқда?
Хусусан, Японияда қарийб 5 миллион гектар экин майдонлари мавжуд. Бугунги кунда ушбу ерларнинг 20 фоиздан ортиғида зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашда дронлардан фойдаланилади. Мамлакатда дронлардан хавфсиз фойдаланиш учун операторларга лицензия беришнинг махсус қоида ва тизими амал қилади, яъни ягона тартиб-қоида ўрнатилган. Бу фермерларга ўз фермасида ушбу технологиядан бемалол фойдаланиш имконини беради. Япония Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик вазирлигининг ҳисоботига кўра, 2023 йил охирида мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги дронлари бозори ҳажми 13,6 миллиард иенага (тахминан 125 миллион АҚШ доллари) етади.
Польша қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ишлари вазирлиги маълумотларига кўра, дронлардан фойдаланиш тармоқ ҳосилдорлигининг 5 фоизгача ўсишига ва ҳар йили иқтисодий қийматининг 2,5 миллиард еврога қўшимча ортишига олиб келиши мумкин. 2015 йилда Польша Фуқаро авиацияси бошқармаси (CАА) дрон операторлари учун биринчи қоидалар тўпламини жорий этди. Ушбу қоидалар дронлардан фойдаланиш учун минимал талабларни, шу жумладан, операторларга ҳар қандай тижорат дрон парвозлари учун CАА рухсатини олиш учун талабларини белгилайди. Кейинчалик CАА ушбу қоидаларни 2017 ва 2021 йилларда янгилади.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида агродронлардан фойдаланиш самара берадими?
Албатта, бу қишлоқ хўжалигида кенг имкониятларни яратади. Таҳлил таклифига кўра, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланиш соҳада ҳосилдорликни ошириш, ҳосил сифатини яхшилаш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, шунингдек, ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА