Мамлакатимизда олий таълимга оид масалалар ичида ўқишни кўчиришга бўлган талаб талайгина. Бу борадаги сўнгги янгиликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи Абдусамад Маманазаров билан суҳбатлашдик.

– Жорий йилги ўқув йили учун ўқишни кўчириш қачондан бошланади? 

–Ўқишни кўчириш бўйича аризалар ҳар йили 15 июлдан 5 августгача (шу куни ҳам) қабул қилинади. Имтиҳонлар эса бакалавриатга кириш имтиҳонларига ўхшаш. Шу ўринда маълумот сифатида айтиш мумкинки, 26 июль соат 09:00 ҳолатига кўра, ўқишни кўчириш бўйича жами 33 минг 27 нафар талаба онлайн рўйхатдан ўтган. Республика давлат олий таълим муассасалариаро ўқишни кўчириш бўйича 16 минг 945 нафар, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш бўйича эса 16 минг 82 нафар талаба ариза топширган.

– Ўзбекистонда ички “перевод” тартиби қандай? 

– Давлат олий таълим муассасасининг биридан иккинчисига ўқишни кўчириш икки ҳолатдагина рухсат берилади:

– талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;

– давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида.

Шунингдек, бир олий таълим муассасаси доирасида (ичида) таълим шаклини ўзгартириш ёки мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш шу олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади.

– Хорижий олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон ОТМга ўқишни кўчиришда нималарга эътибор берилади? 

–Талаба ўқиётган ОТМ аккредитациядан ўтмаган ҳамда хорижий университетлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган қўшма таълим дастурларида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчиришига рухсат этилмайди.

Хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган (жумладан, халқаро тан олинган рейтингларда биринчи 1 000 та ўриндан бирини эгаллаган) олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига ўқишни кўчиришда талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади.

Бунда касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасаси томонидан, тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан амалга оширилади.

Тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари ҳар йили 15 июлга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.

Ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин. Тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳамда тегишли олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

– Нодавлат олий ўқув юртларидан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш қоидалари ҳақида тўхталсангиз. 

– Ўзбекистон Республикасидаги нодавлат ОТМ ёки республикамиздаги аккредитациядан ўтган хорижий олий таълим муассасаларининг филиалидан давлат олий таълим муассасасига мос ёки турдош йўналиш бўйича ўқишни кўчириш учун рўйхатдан ўтган талаба таълим йўналишига кириш фанларидан имтиҳон топширади. Агар талаба турдош бўлмаган таълим йўналишини танласа, бунинг учун белгиланган бир марталик табақалаштирилган тўлов контракт тўловини амалга ошириши керак бўлади.

– Бу жараёнда қандай ҳужжатлар талаб этилади? 

– Аввало ариза, паспорт ёки ID нусхаси, рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхаси, узрли сабабларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар. Аризаларни республика давлат олий таълим муассасалариаро ўқишни кўчириш бўйича transfer.edu.uz платформаси орқали, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш бўйича my.uzbmb.uz платформаси орқали топшириш мумкин.

 

Насиба ЭЛИБEКОВА, 

ЎзА