Миллий матбуот марказида бир гуруҳ ташаббускорлар иштирокида Ўзбекистон сумо федерациясининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди.

Йиғилишда кейинги йилларда якка кураш спорт турлари мамлакатимизда жадал ривожланаётгани таъкидланди. Хусусан, кураш, белбоғли кураш, дзюдо, самбо, каратэ ва бошқа якка кураш турлари бўйича донгдор спортчилар етишиб чиқдики, уларнинг муваффақиятида спорт федерацияларининг алоҳида ўрни бор, албатта.

Ўзбекистонда сумо спорт тури вакилларининг халқаро майдонда муносиб иштирок этишлари учун расмий федерация йўқлиги кўплаб ёш спортчиларга қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Ўзбекистон сумо федерацияси таъсис конференциясида ташкилотнинг низомини қабул қилиш, унинг раҳбар органини сайлаш, ҳудудий бўлимларни ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш борасида белгиланган ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш бўйича қарорлар қабул қилинди.

Тадбир давомида федерациянинг ташкилий масалалари ҳамда чет мамлакатлардан сумо жиҳозларини келтириш, хорижий ҳамкорларни жалб этиш, Халқаро сумо федерацияси, сумо миллий федерациялари каби ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида фикрлар илгари сурилди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА