Адлия вазирлигида “Доимий асосда фаолият кўрсатувчи меҳнат арбитражи тўғрисидаги намунавий низом” давлат рўйхатидан ўтказилди.

Унга кўра, низо медиатор томонидан кўриб чиқилиб, томонлар келишувга эриша олмаганда, низони медиатор томонидан кўриб чиқишда томонлар медиатор номзоди бўйича келишувга эришиш муддати тугаган бўлса, тарафлар низони медиатор билан ҳал этишни рад этса, жамоавий меҳнат низоси кўриб чиқилади.

Меҳнат арбитражи республика даражасида 7, тармоқ даражасида 5 ҳамда бошланғич ва ҳудудий даражада 3 нафар арбитрни ўз ичига олади.

Арбитрлар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мутахассислари орасидан шакллантирилади. Улар олий маълумотга ҳамда меҳнат соҳасида камида 3 йиллик стажга эга бўлиши керак.

Арбитрлар низони ҳал этишга жалб қилинганда ўртача иш ҳақи сақлаб қолиниб, асосий ишидан озод қилинади.

Тарафлар меҳнат арбитражига ариза беришдан аввал арбитраж қарорларини бажариш мажбурийлиги тўғрисидаги шартни ўз ичига олган келишув тузади.

Меҳнат арбитражи низони бошланғич ва ҳудудий даражада – 5 иш кунигача, республика ва тармоқ даражасида – 10 иш кунигача кўриб чиқади.

Меҳнат арбитражи низо бўйича тарафлар низони ҳал қилиш бўйича келишувга эришганлиги тўғрисида, тарафлардан бири низо бўйича талабдан воз кечганлиги тўғрисида, низони тарафлардан бирининг фойдасига ҳал қилиш тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилади.

Меҳнат арбитражи қарори тарафлар учун мажбурий кучга эга ҳисобланади.

Маълумот учун, меҳнат арбитражи – яраштириш комиссиясида келишувга эришилмаганда тарафлар ўртасидаги жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш (тартибга солиш) учун тузиладиган доимий асосда фаолият кўрсатувчи органдир.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА