Расул Ҳамзатов таваллудининг 100 йиллигига

2000 йил сўнггида “ХХ аср буюк шоири” дея эътироф этилган таниқли авар шоири Расул Ҳамзатов ҳақида ўйлаганда, негадир Беларуснинг Минск шаҳрида ўтказилган адабий учрашувдаги бир савол-жавоб эсга тушаверади. Ўша учрашувда адабиёт мухлиси шоирга шундай савол билан мурожаат қилган экан.

– Расул Ҳамзатов, сиз ўн олти ёшингизда шоир бўламан, деб ўйлаганмисиз?

– Йўқ.

– Нега?

– Чунки мен ўн олти ёшимда шоир эдим.

Нақадар мазмуни теран ва ҳаққоний жавоб! Негаки, 16 ёшида шоир бўлмаган одам кейин шоир бўла оладими? Беихтиёр ҳазрат Навоийнинг ўсмирлик пайтидаги Мавлоно Лутфий билан учрашуви эсга келади. Ўшанда Мавлоно Лутфий Алишернинг ўсмирлик чоғида ёзган “Оразин ёпқоч…” деб бошланувчи ғазалини тинглаб, “Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирар эдим”, дея лутф этганлар. Бу вақтда Алишер 13 ёшда, Лутфий 88 ёшда бўлган экан. Демак, шоирлик ёшда эмас, бошда!

Аслида, ўзингизни қизиқтирган саволларга шоирнинг “Менинг Доғистоним” асарини қунт билан ўқисангиз, узил-кесил жавоб топишингиз мумкин.

Эътиборингизга “Менинг Доғистоним” асаридан парча келтирамиз.

Менинг шеър ёзмаган вақтим ҳам бўлган. Наҳотки, мен ўшанда шоир эмас эдим? Наҳотки, ўшанда менинг юрагим секин урган, қоним совуқ бўлган? Наҳотки, ўшанда мени аламлар қийнамаган, хурсандчиликлар шодлантирмаган? Наҳотки, ўшанда дунёни билиш иштиёқи менда суст эди? Наҳотки, ўшанда кўзларим дунё гўзалликларини ҳозиргидай кўра олмаган? Наҳотки, ўшанда қора булутлар орасида чарақлаган юлдузни кўрганимда ҳозиргидай ҳаяжонланмаганман? Наҳотки, ўшанда турналар ноласи ва тулпорлар кишнаши мени ўйга толдирмаган? Наҳотки, ўшанда қадимий қўшиқларимиз ва ота-боболаримизга бағишланган қасидаларни тинглаганимда, кўзларимга ёш келмаган бўлса?.

ЭСИМДА, болалигимда қўшнимизнинг отини уч кун ўтлатиб келгандим. Қўшнимиз бу хизматим эвазига менга битта эртак айтиб берганди.

ЭСИМДА, болалигимда тоғдаги чўпонлар ҳузурига қатнардим. Ярим куним боришга, ярим куним қайтишга кетарди. Мен тоққа битта шеър тинглаш учун борардим. Ахир, бежиз Унцукул ноклари, Имрин узумлари, Буцра асали, аварликлар қўшиқлари дейилмайди.

ЭСИМДА, иккинчи синфда ўқиётган вақтимда ўзимизнинг Цада овулидан тоғ сўқмоқларида 20 километрча юриб, Буцра овулига борганман. Ўша овулда отамнинг кекса қадрдон дўсти яшарди. У кўплаб қадимий қўшиқ, шеър ва афсоналарни биларди. Қария тўрт кун давомида эрталабдан кечгача билган шеърларини ўқиди ва қадимий қўшиқлардан куйлади. Мен уларни мумкин қадар ёзиб олишга ҳаракат қилдим. Мен шеър ва қўшиқ ёзилган қоғозларни хуржунимга солдим, уни елкамга ташлаб хурсанд ҳолда йўлга тушдим.

Буцра овули тоғ бағрида жойлашган. Мен тоққа чиқаётган вақтимда бир тўда қопағон итлар қувлаб қолишди. Улар ўнтадан кўп эди. Улар ортимдан майса тўлқинлари узра худди кемага йўналтирилган торпедалардай учишарди. Мен итларнинг катта оғизларидаги ўткир тишларини аниқ кўрдим. Яна бир лаҳза ўтса бас, итлар мени ғажиб ташларди. Шу пайт чўпоннинг ҳайқириғи янгради:

– Ёт! Қимирлама!

Мен ерга юзтубан ётиб тошдай қотдим. Қимирлашга ҳолим йўқ, ҳатто нафас олишга қўрқардим. Фақат юрагим дук-дуклаб урарди, унинг овози ён-атрофда акс садо берарди. Итлар атрофимда тўхтаб, мени ва шеърлар солинган хуржунимни ҳидлашди. Янглишганини сезишгандай бир-бирига қарашди, кейин хаёлларида пайдо бўлган янги ўлжани қувлаб чопиб кетишди ва бир зумда тепалик орқасига ўтиб кўздан ғойиб бўлишди.

Мен чўпон қўйларини ҳайдаб ёнимга келгунча ётавердим.

– Ҳой, кимнинг ўғлисан?

– Мен цадалик Ҳамзатнинг ўғли Расулман.

Атайин отамнинг исмини айтдим. Чўпон отамнинг исмини эшитгач, менга қаттиқ ботадиган гаплар айтмайди деб ўйлагандим.

– Сен бу тоғларда нима қилиб юрибсан?

– Мен Буцрага шеър-қўшиқ ёзиб олгани боргандим, мана улар хуржунимда.

Чўпон шеър ёзилган қоғозларни олиб кўздан кечирди.

– Демак, сен ҳам шоир бўлмоқчисан. Нега унда итлардан қўрқдинг? Танлаган йўлингда ҳали сенга итлар кўп бор ташланишади. Улар менинг итларимга ўхшаб шеърларингни ҳидлагач, олдингдан тезда кетишмайди. Аммо сен қўрқма, ҳеч нарсадан қўрқмаслигинг керак. Сен бу тоғ қандайлигини биласанми? Айнан шу тоғда Ҳожимурод тошдан-тошга сакраган ва таъқибчиларини доғда қолдирган. Билиб қўй, ўз юртингда сени тоғлар ҳам суяйди.

Илгари мен ақл-ҳушимни олган шеърий ҳаяжонлар, қалбимдаги безовталик, юрагимни забт этган муҳаббат ўткинчи, вақт ўтиши билан унутилади деб ўйлардим. Мана сочимга оқ тушди, болаларим улғайди, китобларим сарғайди, лекин ўша туйғулар мени тарк этгани йўқ. Тўғрироғи, улар шеърият бўлиб ҳамон менга йўлдош. Шу боис шеърият сенга арзимни айтаман.

ШЕЪРИЯТ, ўзинг жуда яхши биласан, сен ҳақингда қанча гапирган билан бадиийлигинг ошиб яхши бўлиб қолмайсан. Қандай қилиб, гаплар билан қўшиқни улуғлаш мумкин? Қандай қилиб, чойнак жўмрагидан сув қуйиб тоғ жилғасининг шиддатини ошириш мумкин? Қандай қилиб, пуфлаб шамолни кучайтириш мумкин? Қандай қилиб, бир бўлак қор ташлаб қорли тоғни улуғвор қилиш мумкин? Наҳотки, кийим бичимини ўзгартириш ёки мўйловни тарашлаш билан онанинг ўғлига бўлган меҳрини ошириб бўлса?!

ШЕЪРИЯТ, сенсиз мен етим бўлиб қолардим.

ШЕЪРИЯТ!..

Сенсиз дунё ўхшарди гўё,

Қуёш нури тушмаган ғорга.

Ё юлдузсиз сим-сиё само,

Ё бир ошиқ зору зор ёрга.

Сенсиз дунё ҳаёт йўқ уммон,

Суви музлаб гезариб қотган.

Сенсиз дунё гулсиз бир макон,

Булбулларсиз ҳувиллаб ётган.

Сенсиз дунё баргсиз бир дарахт,

Бошида қиш, унга ёт баҳор.

Сенсиз башар ғариб ва бебахт,

Куйламас, куй бўлмайди зинҳор.

Мен кўп мамлакатларда кезганман. Баъзан пиёда, баъзан отда, баъзан поезд купьесининг юқори полкасида ухлаш учун чўзилдим, баъзан автомобилда йўлимни давом эттирдим.

Мени отда ёки пиёда кетаётганимни кўрган одамлар шундай ўйлаган бўлишлари мумкин: Мана, Расул Ҳамзатов. Бир ўзи кетаяпти. Ёлғизликдан зерикаётгандир. Бироқ мен ҳеч қачон ёлғиз ўзим қолмаганман. Ҳар доим мен билан бирга – Шеърият бўлган. Биз бир-биримиздан бирон лаҳзага ҳам ажрала олмаймиз. Ҳатто тушларимда ҳам шеър тўқийман ё аввал ёзган шеърларимни эслайман ё бошқа шоирларнинг шеърларини ёддан ўқийман.

Авваллари дунёда шоирлар жуда кам деб ўйлардим. Шубҳасиз, шоирларга ўзгалар даврасида бўлиш қийин. Ҳар кимнинг ўзига яраша ташвиши бор. Таниш ва қўшнилар билан нима ҳақда гаплашиш мумкин: иш, маош, уй-рўзғор, хотинлар ғалваси, дам олиш, балиқ ови, кино, касалликлар ва шунга ўхшаш бир талай мавзулар. Албатта, шоир ҳам бу мавзуларда ўзгалар билан гаплаша олади. Аммо ким у билан шеърий қарашлари, шеърият ҳақида дардлашади?

Энди тушундимки, дунёда шоирлик хусусияти бўлмаган одамнинг ўзи йўқ экан. Ҳар бир одам қалбан шоир. Ҳар ҳолда, қадрдонлар бир-бирининг уйига бориб йўқлаб тургандай, шеърият ҳам ҳар бир одамнинг уйига меҳмон бўлиб борган.

Халқимиз болаларни севгандай қўшиқларни ҳам севади. Ҳа, бизнинг ҳаммамиз шоирмиз. Фақат бизнинг фарқимиз шундаки, айримларимизгина шеър ёзади. Чунки улар шеър ёзишни билишади. Бошқа бировлари ҳам шеър ёзади, фақат улар шеър ёзишни биламан деб ўйлашади. Учинчи тоифадаги одамлар эса умуман шеър ёзишмайди. Эҳтимол, ҳақиқий шоирлар ана шу учинчи тоифадаги одамлар орасидадир.

Биз оилада беш фарзанд – опам ва тўртта ака-ука эдик. Опам ҳаммамиздан катта бўлгани учун барча тоғлик аёллар каби унинг пешанасига ҳам меҳнат, ташвиш ва кўз ёш тўкиш ёзилган экан. Шу боис отам бизга тез-тез такрорлаб турардилар.

– Сиз тўрттасиз, опангиз эса ёлғиз. Уни асранглар, ҳар доим ғамхўри бўлинглар. Ер юзида сизга опангиздан яқинроқ одам йўқ.

Ҳақ гап, опам – менинг энг яқин меҳрибоним. Бироқ менинг иккинчи опам ҳам бор. Билмайман, уларнинг қайси бири менга қадрдонроқ. Менинг иккинчи опам – ШЕЪРИЯТ. Мен усиз яшай олмайман.

Баъзан ўз-ўзимдан сўрайман: унинг ўрнини нимадир боса оладими? Мен учун дунёда бошқа қадрдон нарсалар ҳам бор: тоғлар, қор ва жилға, ёмғир ва юлдузлар, Қуёш ва нон… Бироқ тоғлар, ёмғир, Қуёш шеърият билан, шеърият эса улар билан улуғвордир. Чунки шеъриятсиз тоғлар тошлар уюмидан иборат тепаликка, ёмғир намликни орттирадиган ва кўлмак ҳосил қиладиган суюқликка, Қуёш эса иссиқлик таратувчи осмон жисмига айланиб қоларди.

Яна ўз-ўзимдан сўрайман: шеъриятнинг ўрнини бошқа бирон нарса боса оладими? Тўғри, чексиз замин, қушлар сайроғи, мовий осмон, безовта юрагимнинг дук-дуклаши бор. Бироқ шеъриятсиз улар ўзларининг гўзал кўринишини намоён этишармиди? Ахир, шеъриятсиз олис мамлакатлар ўрнида географик ҳудудлар, қушлар сайроғи ўрнида нарнинг макиёнига табиий эҳтиёж юзасидан қилган изҳори, мовий осмон ўрнида турли газлар аралашмаси, безовта юракнинг дук-дуклаши ўрнида организмда қон айланиши деган тушунчалар қоларди, холос.

Тўғри, нафосат, яхшилик, раҳмдиллик, муҳаббат, гўзаллик, ватанпарварлик, ифтихор, нафрат каби тушунчалар бор. Бироқ, бу тушунчалар туфайли шеърият пайдо бўлганидай, бу тушунчалар шеърият туфайли улуғвор. Улар шеъриятсиз, шеърият уларсиз мавжуд эмас.

Менинг шеъриятим ўзлигимни яратаяпти, мен эса шеъриятимни яратаяпман. Биз бир-биримизсиз ўликмиз, аниқроғи, мавжуд эмасмиз. Менинг танимда ҳам суяклар ва мушаклар бор. Ташқаридан қараган одам қайси суягим бутун ва мустаҳкам, қайсиси синган ва битиб кетганини билмайди. Аммо рентген нурлари танамдан ўтганда менинг суякларим тўғрисида бегоналарга ҳам тўлиқ маълумот беради.

Менинг қалбим ҳис-ҳаяжонлари қовурғамга, умуртқамга, ёки ўпкамга нисбатан янада ичкарироқда ва янади мустаҳкамроқ ҳимояланган. Лекин шеърият нурлари қалбимни ёритади ва ундаги ҳар бир ҳис-ҳаяжон ўзгаларга ошкор бўлади. Ҳа, менинг қалбим сизга кафтдагидай намоён, шеъриятнинг сеҳрли нурлари туфайли ўзгалар уни аниқ-тиниқ кўришади.

Компьютерда минглаб қисм ва симлар бор. Унинг дастурига кўплаб сонлардан иборат мураккаб масалани ечишни жойлаштирдингиз. Электр токи компьютернинг сон-саноқсиз қисм ва симлари бўйлаб ҳаракатга тушади. Компьютерда кечаётган бу жараёнларни ҳеч бир кўз кўрмайди, ҳеч бир ақл тасаввур қилолмайди. Бироқ мониторда жавоб – масаланинг ечими пайдо бўлади.

Худди шундай менинг танамдаги сон-саноқсиз томирларимдан қандай таассурот, қандай муҳаббат, қандай нафрат оқаётганини ҳеч ким билмайди. Ижодкор қалбимда кечган мана шундай минглаб туйғуларимнинг ҳосиласи охир-оқибат қоғоз узра шеърга айланади.

ЁН ДАФТАРЧАДАН

Адабиёт институтига кирганимда, биринчи босқичда йигирмата шоир, тўртта ёзувчи ва битта драматург эдик. Иккинчи босқичда ўн бешта шоир, саккизта ёзувчи, битта драматург ва битта танқидчи бўлдик. Учинчи босқичда саккизта шоир, ўнта ёзувчи, битта драматург ва олтита танқидчига бўлиндик. Охирги – бешинчи босқичда битта шоир, битта ёзувчи, битта драматург қолдик, бошқалар танқидчи бўлиб кетишди.

Эҳтимол, бу бўрттириб тўқилган латифадир. Аммо унда ҳаёт ҳақиқати мужассам. Негаки, кўпчилик ижодини шеър тўқишдан бошлайди, кейин насрга, кейин драмага, кейин мақола ёзишга ўтади. Ҳозир киносценарий ёзиш урф бўлиб бораяпти.

Ёш шоир-ёзувчилар қаторида Адабиёт институтига қабул қилинганимда, мен бутунлай янги муҳитга тушдим. Менга ҳамма ўргатарди – Москванинг ўзи, семинарлар, семинарларда сўзга чиққан таниқли шоирлар, дарс пайтларида профессорлар, талабалар уйида курсдошлар, ҳар тарафдан ўргатавергандан кейин қанчадир муддат ҳушимни жамлай олмай гангиб қолдим. Ҳатто, янги ғалати услубда ижод қила бошладим. Ҳолбуки, бу услуб авар адабиётида умуман бўлган эмас.

Яшириб нима қиламан, ўша кезларда шеърларим рус тилига тезроқ ўгирилишини жуда-жуда истардим. Мен рус ўқувчилари томон интилардим. Ўйлардимки, менинг янги услубим рус ўқувчиларига яқин ва таниш. Ўша кезларда авар тилининг, шеъриятнинг оҳангларига умуман эътибор бермай қўйдим. Шеърларимда ялтироқ тузилиш, баёнчилик бўртиб борарди. Ўзимча қандай ёзишни энди ўргандим, деб ўйладим. Аслида эса, ўшанда ўзимга ўнғайроқ жой излаган эканман.

Яхшиямки, шеърият ва сафсатабозлик бошқа-бошқа нарса эканлигини тезда англадим. Буни мендан аввалроқ кўпни кўрган отам пайқабди. Отам янги шеърларимни ўқиши билан мен бир туюр қуйруқ ейман деб қўйларни сўйиб ташлаётганимни, ҳеч нарса унмайдиган тошлоқ ерни шудгор қилиб экин экаётганимни, осмонда булутни кўрмай ёмғир кутаётганимни дарҳол тушуниб етибди.

Отам буни билса ҳам мулоҳазали одам бўлгани учун бир суҳбат пайтида эҳтиёткорлик билан деди:

– Расул, кейинги пайтларда сенинг хатинг ёмонлашиб бораётгани мени ташвишга солаяпти.

– Ота, хат ёзишнинг яхши-ёмонлигини мактабда текширишади, мен у ёшдан ўтганман. Катталардан эса, қандай ёзганини эмас, нима ёзганини сўрашади.

– Эҳтимол, маълумотнома ёзиб берадиган милициячи ёки Овул кенгаши котиби учун шундайдир. Шоир учун унинг хати, унинг услуби – ижодий ишининг ярми дегани. Шеърда қандай янги фикр бўлмасин, албатта у жозибали бўлиши керак. Жозибали бўлганда ҳам ўзига хос жозибали бўлиши шарт. Шоир учун ўз услубини топиши ўзлигини топишидир, демакки, чинакам шоир бўлишидир.

Маълумки, агар драмада шоир образи бўлса, драматург­нинг энг қийин вазифаси шоир образига шеър ёзишдир. Шунинг учун спектаклда шоир образи бўлса, у кўпинча муаллифнинг эмас, таниқли шоирларнинг шеърларидан фойдаланади. Шеърсиз шоир бўлар эканми? Бундай шоирнинг ойнаванд магазиндаги чиройли кийим кийдирилган манекендан нима фарқи бор?

Мен ҳеч кимга ўхшашни истамайман – ҳатто Умарга ҳам, Пушкинга ҳам, Байронга ҳам.

ЭСДАЛИКДАН

Негадир отам билан мен бир-биримизга шеърларимизни ўқиб бермасдик ва бу мавзуда суҳбатлашмасдик. Мен отамнинг янги шеъри тўғрисида чоп этилганда, радиода ўқилганда ёки дўстлар айтишганда билар эдим. Отам ҳам мен янги шеър ёзганимни ҳудди шундай биларди.

1949 йилда авар газетаси “Туғилган йилим” достонимни чоп этди. Ўз-ўзидан аён, бу газетадан отам ҳам олибди ва унга қалам билан қайдларини ёзиб қўйибди. Мен бу газетани кўздан кечирар эканман, отам достонимни диққат билан ўқиганини сездим. Чунки айрим мисраларим устига мазмунга монанд мисралар ёзиб чиқибди. Отам менинг дабдабали мисраларимни, мураккаб ташбиҳларимни, кўзни қамаштирадиган ўхшатишларимни ўзгартирганини дарҳол англадим. Менинг мисраларим устига ёзилган мисраларга отам самимий, оддий ва тушунарли сўзларни ишлатганди.

Ҳозиргача мен отам тузатишлар киритган шу газета нусхасини сақлаб қўймаганим учун афсусланаман. Менинг бир одатим бор: шеърим чоп этилиши билан қораламаларни, қўлёзмаларни дарҳол ёқиб юбораман.

Ўшанда кўплаб тузатишларни кўрганда хурсанд бўлдим, улар достонимни кучайтирарди. Айрим тузатишларни эса, сира ҳазм қилолмадим ва отамга эътирозимни билдирдим:

– Тўғри, сиз мендан кўра кўпни кўргансиз, иқтидорлисиз, ақллисиз. Лекин мен ўзга давр шоириман. Менинг мактабим бошқа. Адабий қизиқишларим бошқа, услубим бошқа, ҳаммаси бошқа. Сизнинг бу тузатишларингизда Ҳамзат Цадасанинг шеърий услуби акс этган. Ахир, мен Ҳамзат Цадаса эмасман, бор-йўғи Расул Ҳамзатовман. Менинг ўз услубим, ўз йўналишим бор.

– Ўғлим, сен унчалик ҳақ эмассан. Сенинг услубинг ва йўналишинг, сенинг феъл-атворинг ва ахлоқинг шеърларингда иккинчи даражали бўлиши керак. Биринчи ўринга эса, халқингнинг феъл-атвори ва ахлоқи чиқиши шарт. Аввало, сен аварсан, тоғликсан, кейин Расул Ҳамзатовсан. Мисраларингда шундай ифода қўллагансанки, ҳеч бир тоғлик ҳаётда фикрини шундай ифодаламайди. Агар сенинг шеърий мисраларинг тоғликлар руҳига, феъл-атворига бегона бўлса, сенинг йўналишинг йўналишлигича қолиб кетади. Ёзганларинг чиройли кўринар, эҳтимол, қўғирчоқлардан ҳам чиройли кўринар. Ўзинг яхши биласан: агар булут бўлмаса, ёмғир пайдо бўладими? Агар осмон бўлмаса, қор қаёқдан ёғади? Агар Доғистон ва авар халқи бўлмаса, Расул Ҳамзатов дунёга келармиди? Халқимизнинг асрлар синовидан ўтган урф-одатлари бўлмаса, сенинг урф-одатларинг шаклланармиди?!

Ҳа, бир замон отам билан менинг ўртамда шундай суҳбат бўлиб ўтганди. Кейин эса, ўшанда отам нақадар ҳақ эканлигига кўп бор имон келтирдим.

ЁН ДАФТАРЧАДАН

Бельгия. Мен жаҳон шоирлари учрашуви қатнашчисиман, унда кўплаб миллат ва мамлакатларнинг вакиллари иштирок этишди. Ҳар бир қатнашчи ўз халқи, унинг маданияти, шеърияти ва тақдири тўғрисида гапиришди. Бу учрашувда Лондондан келган венгер, Париждан келган эстон, Сан-Францискодан келган польяк каби вакиллар ҳам бор эди. Тақдир уларни ўз юртидан узоққа, денгизлар ва тоғлар ортига, ўзга мамлакатларга етаклаган бўлса, нима қилишсин?

Учрашувда битта шоирнинг шундай сўзлари ёдимга муҳрланиб қолди.

– Жаноблар, биз турли мамлакатлардан келиб шу жойда тўпландик. Сизларнинг ҳар бирингиз ўз миллатингиз, ўз мамлакатингиз вакилисиз. Фақат менгина битта халқнинг, битта мамлакатнинг вакили эмасман. Мен барча халқларнинг, барча мамлакатларнинг ва умумшеъриятнинг вакилиман. Ҳа, мен – шеъриятман. Мен – қуёшман, бутун сайёрага нур таратувчи. Мен – ёмғирман, она замин ташналигини қондирувчи, унда қайси миллат яшаётганига эътибор ҳам бермайман. Мен – дарахтман, Ер шарининг ҳамма жойида бир хил гуллайдиган.

У шундай деди ва минбардан тушди. Кўпчилик уни олқишлади. Мен ўйга толдим. Чиндан ҳам у ҳақ, биз шоирлар бутун дунёга жавобгармиз, аммо ўз тоғликлари номидан гапира олмаган одам, бутун дунё номидан гапира оладими? Назаримда, у ўзи туғилган юртдан кетиб, ўзга мамлакатда уйланган ва қайнонасини она деган одамга ўхшайди. Тўғри, ҳамма қайнонасини ҳурмат қилиши керак, лекин барибир она она-да!

Агар сендан кимлигингни сўрашса, барча маълумотларинг ёзилган паспортингни кўрсатишинг мумкин. Агар халқдан кимлигини сўрашса, у шундай ҳужжат ўрнига ўзининг олимини, шоирини, рассомини, бастакорини, сиёсий арбобини, саркардасини кўрсатади.

Ҳар бир одам болалигидан ўз халқининг вакили бўлиш учун дунёга келганини билиши ва шу вазифани зиммасига олишга ўзини тайёрлаши керак.

Одамга исм, бўрк ва қурол берилади, чақалоқлигидан бошлаб унга алла айтиб, она тилига, ўз юртига меҳр сингдирилади.

Мени тақдир қайси жойларга олиб бормасин, туғилган юртимнинг, тоғларнинг, отни эгарлашга ўргатган овулнинг вакили эканимни унутмайман ва ўзимни ўша жойларда Доғистоннинг махсус мухбири сифатида сезаман.

Доғистонимга эса, умуминсоний маданиятнинг махсус мухбири, бутун мамлакатнинг, бутун дунёнинг вакили сифатида қайтаман.

МАВЗУ ҲАҚИДА

Мавзу ёзувчининг дунёси, ёзувчининг ўзи. Ёзувчи мавзусиз мавжуд эмас. Ҳар бир ёзувчининг ўз мавзуси бор.

Фикр ва туйғулар – қуш, мавзу – осмон; фикр ва туйғулар – буғу, мавзу – ўрмон; фикр ва туйғулар – кийик, мавзу – тоғ; фикр ва туйғулар – йўл, мавзу – шаҳар, унда барча йўллар туташади.

Менинг мавзуим – Ватан! Ватанни танлашимга ва излашимга ҳожат йўқ. Биз Ватанни танламаймиз, чунки Ватан бизни аллақачон танлаб бўлган. Самолёт бўлмаса, аэродром қурилмайди. Худди шундан ёзувчи Ватансиз бўлиши мумкин эмас.

Бургут товуқлар орасида бемалол юраверса, энди у бургут эмас. Тоғ такаси жамоа хўжалиги отарида ёйилиб юраверса, энди у тоғ такаси эмас. Гулмоҳи аквариумда сузаверса, энди у гулмоҳи эмас.

Самолёт музейда турган бўлса, энди у самолёт эмас, оддий экспонат.

Худди шундай, сайрамайдиган булбул асло булбул эмас.

Одам тилга кириши учун икки йил кифоя, лекин тилини тийиб туришни ўрганиши учун олтмиш йил керак бўлади. Мен икки ёшда ҳам, олтмиш ёшда ҳам эмасман. Шу ёшлар орасидаги йўлдаман. Тўғрироғи, иккинчи нуқтага яқинлашиб қолдим, шунинг учун барча айтган сўзларимдан ҳали айтилмаган сўзларим қадрлироқ.

Тўғри, барча доғистонликлар учун Доғистон битта, ягона. Лекин ҳар бир доғистонликнинг қалбида ўз Доғистони бор.

Менинг ҳам ўз Доғистоним бор.  Менгина уни шундай кўраман, менгина уни шундай тасаввур қиламан. Доғистонимда шунча йил яшаб нимаики кўрган, билган бўлсам, менгача яшаган ва мен билан замондош доғистонликлар, қўшиқлар ва дарёлар, ҳикматлар ва қоялар, осмонда учган бургутлар ва отнинг туёғидан тушиб қолган тақалар, тоғ сўқмоқлари ва ҳатто дарадаги акс садолар қалбимда ўз Доғистонимни пайдо қилишди.

АЛБАТТА, ёзувчи кўзларида кўрганлари билан кифояланиб қола олмайди. Мусиқани қулоқлари билан эшитади, юрт тарихини китоблардан ўқийди. Айрим ёзувчилар ҳис қилиш туйғусини кўриш ва эшитишдан юқори қўяди.

Ёзувчиларга ҳар ишга яроқли кучли қўллар, чидамли оёқлар, мустаҳкам тишлар керак. Шунингдек, унга кўрган, эшитган ва ўқиганларидаги ҳақиқатни ёлғондан, олтинни ялтироқ жездан, донни курмакдан ажратиб олиши учун ақл ва билим керак бўлади. Ақл ва билим бўлмаса, одам кўрган нарсасига ҳам ишониши қийин.

Илгари олтинни ҳеч қачон кўрмаган ва лекин унинг қиймати тўғрисида кўп эшитган чекка овулдаги тоғликлар оғир сандиқ топиб олишибди. “Оғирми, демак ичи тўла олтин”, дея ўйлашибди улар. Ўлжани қўлга киритиш учун жанжал бошлашибди. Улар бир-бирини ўлдиришибди. Сандиқ ичида эса, мис бор экан.

Истеъдод – олов. Аммо олов аҳмоқ қўлида бўлса, ён-атрофдагиларга хавф солади. Ақлгина истеъдодни эзгуликка йўналтиради. Худди тажрибали чавандоз асов тулпорни эгарлагандай, ақл гўзалликни янада гўзаллаштира олади.

Тоғликдан сўрашибди, нимани танлайсан: гўзаллар чиройли юзиними ёки кексалар донишмандлигиними?

Аҳмоқ чиройли юзни танлаб аҳмоқлигича қолибди. Хотини чиройли юзли аҳмоқ эрини ташлаб кетибди. Ақлли кексалар донишмандлигини танлабди ва хотинини донишмандлик билан йўлга солибди. Худди эртакдагидай: сув тулпорига гўзални донишмандликни танлаган йигитгина миндиради. Шунингдек, эртакларда уч оға-ини, учта йўл ва учта донишмандлар ҳикмати ҳақида ҳам ёзилган. Кимки шу ҳикматларга амал қилса, Ватанига эсон-омон қайтиб мурод-мақсадига етган, кимки ҳикматларга қулоқ солмаса, ўзга мамлакатларда хор-зор бўлган.

О, менинг тилла балиқчам, истеъдод бергин, шу истеъдодга яраша ғайрат, йигитларга хос жўшқинлик ва тўғрисўзликни, кексаларга хос донишмандликни ато эт. Ҳаёт чорраҳаларида ҳамиша тўғри йўлни кўрсат.

Майли, бу йўл тошлоқ, тик ва хавфли бўлсин. Мен йўлларда илонга ўхшаб судралиб юришни истамайман. “Нега илонлар эгри?” дея сўрашибди тоғликлар ва ўзлари жавоб беришибди: “Чунки улар ўрмалаб ўтадиган тешиклар, туйнуклар, ёриқлар эгри”. Мен илон эмасман, инсонман! Мен юксакликни, мусаффоликни ва тўғри йўлни севаман.

Мени касалликдан, қўрқоқликдан, енгил-елпи ўйлардан, шон-шараф юкидан, бевақт ўлимдан асра!

Мени кайф-сафога берилиб кетишдан асра, чунки кайф-сафо одамга яхши нарсани юз марта яхшироқ кўрсатади.

Мени жуда эҳтиёткор бўлишдан ҳам асра, чунки жуда эҳтиёткор одамга ёмон нарса юз марта ёмонроқ кўринади.

Менга шундай ҳақиқат туйғусини бергинки, эгрини эгри дейин, тўғрини тўғри.

“Бу расво жаҳонда яшамоқ оғир”,

Деб биринчи шоир оламдан ўтди.

“Яшаш яхши!” – деди иккинчи шоир,

Ва дунёдан йигит ёшида кетди.

Учинчи шоир ҳам ўтди бегумон,

Бироқ у шунчаки айтмади қўшиқ.

Нима ёмон бўлса атади ёмон,

Нима яхши бўлса куйлади жўшиб.

ОТАМ АЙТАРДИЛАР

Бир куни Шомилдан ноиблари сўрашибди:

– Имом жаноблари, тушунтириб берсангиз, нега шоирларга шеър ёзишни ва қўшиқ қилиб куйлашни тақиқладингиз?

Шомил жавоб қайтарди:

– Мен ҳақиқий шоирлар шоир бўлиб қолишини истадим, холос. Ахир, ҳақиқий шоирлар барибир шеър ёзаверишади. Ёлғончилар, ўзини шоир деб ҳисобловчи иккиюзламачилар эса менинг тақиқловчи қароримни эшитишлари билан овозларини ўчиришади. Шу билан ўзларини ҳам, халқни ҳам алдашмайди.

– Имом жаноблари, айтинг-чи, нега Саид Араканский шеърларини дарёга ташлаб юбордингиз?

– Ҳақиқий шеърларни дарёга ташлаб оқизиб бўлмайди, ҳақиқий шеърлар юракларда яшайди. Агар шеърларининг оддий қоғозчалик қиймати бўлса, майли, улар дарёда оқсин. Унинг енгил-елпи шеърларини дарё оқизиб кетса, Саид Араканский яхшиси, бошқа фойдали иш билан шуғуллансин.

Ҳар доим мени ёзувчиларга яқин йилдаги режаларингизни сўзлаб беринг, дея қилинган илтимослар таажжубга солади. Албатта, ёзувчилар ҳам ёзмоқчи бўлган нарсаларининг умумий йўналишларини чамалаб қўйишади. Эҳтимол, роман ёки трилогия ёзишни режалаштириш мумкиндир, лекин шеърни… Шеърлар ҳар доим кутилмаганда, бир туҳфадай келади. Шоирнинг иш тартиби бирон-бир қатъий режага бўйсунмайди.

Ҳа, шоир шеър ёзиши керак! Аммо шоирга шеър ёзишдан ҳам, истеъдоддан ҳам кўпроқ керакли нарса, бу унинг ўз виждони олдида, одамлар олдида ҳамиша самимий бўлишидир.

 

 

Асрор МЎМИН таржимаси